Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған турк армияси Сурияга Башар Асад режимини ағдариш учун киргани ҳақида хатолик туфайли баёнот берган бўлиши мумкин. Бу фикр Анқарадаги Стратегик тадқиқотлар маркази (Kafkassam) директори Ҳасан Ўқтой томонидан билдирилган.

Эрдўған Истанбулда Фаластин масаласига бағишланган симпозиумда чиқиш қилиши вақтида Туркия армияси Суриядаги амалиётини Башар Асад ҳукуматини ағдаришга қадар давом эттириш мақсадида эканини айтиб ўтганди.

"Сурияда 600 минг нафар одам ҳалок бўлди, дейишади. Лекин менинг фикримча, уларнинг сони миллионга яқин бўлган. БМТ қани? Бу ташкилот нима қиляпти? Биз узоқ вақт сабр қилдик, аммо охир-оқибат Сурия озодлик армияси билан Сурияга киришга мажбур бўлдик.

Биз ҳақиқатни тиклаш ва мамлакатда давлат террорчилигини барпо қилган ёвуз золим Асаднинг ҳукмронлигига нуқта қўйиш тарафдоримиз", — деб изоҳ берганди операция мақсади ҳақида Эрдўған.

"Афсуски, сиёсатчилар баъзида ўз нутқларида хатога йўл қўйишади. Бу ҳиссиёт туфайли рўй беради. Биз Россия самолёти турклар томонидан уриб туширилганидан кейин Эрдўған берган бир қатор баёнотлар ҳукуматга қарши кучлар томонидан тайёрланганини кўрдик. Кейинроқ Эрдўған ўз нутқидаги фикрларни изоҳлаб, тўғрилашига тўғри келди. Кейин унинг нутқлари бутунлай ўзгарди. Ўйлайманки, Эрдўған кечаги гапларини вазиятдан чиқиш ҳолатида айтиб юборди. Туркиянинг Суриядаги ҳаракатлари кескин ўзгаришини кутиш шарт эмас", — деган эксперт РИА Новости нашрига.

Унинг сўзларига кўра, президент ҳозирда мамлакат ичкарисидаги ва ташқарисидаги муаммолардан жуда толиққан. Уни ЕИ ва АҚШ билан муносабатларда юзага келган таранглик ҳолдан тойдирган ва бу унинг ҳиссиётларида акс этаётган бўлиши мумкин. Ўқтой у ўз сўзларини айтган аудитория қандай бўлганини ҳам ҳисобга олиш кераклигига урғу қаратган - симпозиумда Суриядаги ҳозирги ҳукуматга қарши бўлган араб мамлакатлари вакиллари иштирок этганди.

"Туркияда ҳозирда иқтисодий инқироз мавжуд ва араблар қаршисидаги чиқиш орқали Эрдўған уларга ёқадиган гап айтишга ҳаракат қилган бўлиши ва шу орқали арабларнинг Туркияга инвестиция киритишига эришиш ниятида бўлган бўлиши мумкин. Аммо, шундай сабабларга қарамасдан, ташқи сиёсатга оид баёнотларда ўта эҳтиёт бўлмоқ лозим", — дея қайд этган эксперт.

У Эрдўған ва Туркия бош вазири Биноли Йилдирим бир неча марта Суриянинг ҳудудий яхлитлиги ҳақида гапириб ўтганини эслатиб ўтган. У "Фрот қалқони" амалиёти Сурия ҳудудидан Туркияга таҳдид солиб турган ИШИД жангарилари ва курд гуруҳларига қарши қаратилганини таъкидлаган. Ўқтой Анқаранинг Сурия шимолидаги ҳарбий кампанияси асосли экани ҳақидаги фикрини ифодалаган.

24 август куни Туркия танклари Суриянинг шимолига кирди ва мухолифатдаги Сурия озодлик армияси билан иттифоқчиликда "Фрот қалқони" номли ҳарбий амалиёт ўтказа бошлади. Бу амалиётнинг мақсади Сурия шимолини ИШИД жангариларидан тозалаш ва қочқинлар учун хавфсиз майдон барпо этиши айтилган.

Шу билан бир вақтда Туркия АҚШ томонидан қўллаб-қувватланувчи Сурия курдларига қарши кураш олиб бормоқда.