Яқинда БМТнинг ОИВ/ОИТС бўйича ҳисоботи чоп этилди. Ҳужжатда айтилишича, дунё бўйича 2016 йилда ОИВга чалинганлар сони 39,8 миллион кишига етди, бу касаллик оқибатида биргина ўтган йили 1,1 миллион киши вафот этди. Жаҳонда 1,8 миллион болалар шу вирусни юқтириб олгани ғоят ачинарлидир. ОИВга чалиниш 15-24 ёшли хотин-қизлар орасида кўп учраётгани ҳам инсониятни жиддий ташвишга солмоқда. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.

БМТ вакилларининг қайд этишича, 2030 йилгача дунёда ОИВ/ОИТС эпидемиясини ўта паст кўрсаткичга олиб тушиш мумкин. Фақат бунинг учун 2020 йилгача бу вирусни юқтирганларнинг 90 фоизи хаста эканини билиши, даволаниши ва организмида ушбу вирус хуружини жуда паст даражага келтириши лозим.

Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 23 сентябрда қабул қилинган «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида»ги қонунига мувофиқ ОИВ инфекциясини юқтирган шахсларнинг ижтимоий муҳофазаси мустаҳкамланди, уларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати яхшиланди, эпидемияга қарши курашиш самарадорлиги ошди. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 сентябрдаги “2014-2016 йилларда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасидаги Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан ОИВ инфекциясига чалинган бемор болаларга ойлик нафақа белгиланди. Қон ва унинг препаратлари орқали юқувчи касалликларнинг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган «Ўзбекистон Республикасида гемоконтакт инфекцияларнинг олдини олишни янада такомиллаштириш бўйича 2016-2017 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар режаси» изчил амалга оширилмоқда.

Илгари ОИВ аниқланган беморлар ҳар куни 3-4 маҳал 5 тагача дориларни қабул қилган бўлса, бугун бир кунда 1 дона таблетка берилиб, юқори самара олинмоқда.

Жаҳон cоғлиқни сақлаш ташкилоти 2-3 ойда бир марта беморнинг танасига дори препаратини укол орқали юбориш усулини тавсия қилди. Бу беморларда ҳар куни дори ичиш билан боғлиқ ноқулайликларни бартараф этади, ушбу дори таъсирида ҳужайрани емираётган вируснинг кучи камайиб, унинг қонда кўпайишининг олди олинади. Организмда вирус камайгач, беморнинг иммунитети кўтарилиб, ёндош касалликлардан ҳимоя қилинади, умри узаяди, иш қобилияти тикланади. Вируснинг бошқаларга юқиш хавфи ҳам кескин камаяди.

Ўзбекистонда ОИВ билан касалланиш кўрсаткичлари 2015 йилда 5,5 фоиз, 2016 йилнинг ўтган даврида 8 фоиз пасайишига эришилди.

Бу ерда ОИВ инфекцияси оқибатида келиб чиқадиган барча оппортунистик (бактерияли, замбуруғли зотилжам, ўпка сили, турли замбуруғли инфекциялар ва ҳоказо) юқумли касалликлар даволанади, ретровирусга қарши препаратларнинг ножўя таъсири бартараф этилади.

Бугун ОИВ инфекцияли онадан соғлом бола туғилиш кўрсаткичи Ўзбекистонда 99,3 фоизни ташкил этмоқда. Ваҳоланки, ривожланган Европа давлатларида бу кўрсаткич ўртача 98,5 фоизни ташкил этади.