Жанубий Кореянинг мухолифатдаги партиялари президент Пак Кин Хега нисбатан импичмент имкониятини муҳокама қилган. Ёнҳап агентлиги хабар беришича, президентга нисбатан импичмент жараёни бошлаш учун етарли овоз йиғилган.

«Баъзилар президентнинг кеча халққа қилган мурожаатидан кейин биз ўз қароримиздан оғишганимиз тўғрисида ўйлашаётгандир. Аммо бундай эмас. Биз бугун гуруҳ йиғилишини ўтказдик ва барча ўз позициясини тасдиқлади», деди мамлакат президентининг истеъфосини талаб қилаётган депутатлар етакчиси Хван Ян Чуль.

Ўтган ҳафтада мухолифат партиялар раҳбарияти Пак Кин Хега нисбатан илгари сурилган жиддий айбловлар импичмент учун асос бўлиб хизмат қилишини тасдиқлагани, улар шунингдек, кейинчалик бу борадаги аниқ қадамларни муҳокама этиш ва президент истеъфоси учун кампанияни давом эттириш, импичмент амалга ошган тақдирда ҳокимият бўшлиғига йўл қўймаслик учун ҳаракатлар режасини тузишга келишиб олгани тўғрисида хабар берилганди.

Хабар қилинишича, президентни импичмент орқали ҳукуматдан четлатиш жараёнида овоз бериш 2-9 декабрь кунлари бўлиб ўтади.

Президентни истеъфога чиқариш учун парламентнинг 300 депутатидан камида 200 нафари импичментни маъқуллаши керак. Пак Кин Хе тарафдорларининг ҳукмрон «Сэнури» партияси парламентда 120 ўринга эга.

Бундан олдинроқ Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе ўз атрофидаги коррупция можароси борасида халққа мурожаат қилиши, аммо истеъфо ҳақида эълон қилмаслиги ҳақида хабар берилганди.

Жанубий Корея прокуратураси 20 ноябрь куни Пак Кин Хенинг яқин дугонаси — Чхве Сун Силнинг иши бўйича текширувларнинг оралиқ натижаларини тарқатди, Чхве Сун Силь, шунингдек, президент маъмуриятининг икки нафар собиқ ходими порахўрлик, товламачилик ва хизмат ваколатларини суистеъмол қилишда айбланди. Улар 50 дан ортиқ Жанубий Корея компанияларини Чхве Сун Силь қўли остидаги иккита фондга ўнлаб миллион доллар кўчириб ўтказишга мажбурлагани тахмин қилинмоқда. Терговчилар фикрича, Пак Кин Хе дугонасининг ушбу ишларидан хабардор бўлган ва ўзи ҳам унда иштирок этган бўлиши мумкин.

Жанубий Корея етакчисининг маъмурияти прокуратура айбловларини асоссиз ва далилсиз деб атади. Мамлакат конституциясига кўра, амалдаги президент жиноий таъқиб қилина олмайди (бу фақат ватанга хиёнат ҳақидаги модда бўйича бўлиши мумкин).