Бекобод шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида 24-30 ноябрь кунлари бокс бўйича катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлиги мусобақалар тақвимидан ўрин олган жорий йилнинг якуний чемпионатида мамлакатимизнинг барча вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридан ташриф буюрган 20 жамоа таркибида 215 нафардан ортиқ боксчи ғолиблик учун рингга кўтарилди.

Ўзбекистон чемпионатининг энг кескин ва муросасиз жангларидан бири ўта оғир вазн тоифасида Олимпия ўйинлари иштирокчиси Баҳодир Жалолов ва халқаро турнирлар ғолиби Улуғбек Мубинов ўртасидаги финал жанги бўлди. Олтин медаль учун ўтказилган беллашувда Баҳодир Жалолов бугунги кунда ўз вазн тоифасида тенгсиз эканини яна бир карра исботлади ва олтин медалга сазовор бўлди.

Шунингдек, ўз вазн тоифасида барча рақибларини енгган Нодир Мирзаҳмедов (49 кг), Абдулҳай Шораҳматов (56 кг), Улуғбек Комилов (60 кг), Элнур Абдураимов (64 кг), Бобоусмон Ботуров (69 кг), Исроил Мадримов (75 кг), Зуҳриддин Маҳкамов (81 кг) ва Бобур Йўлдошев (91 кг) Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди.

Ўзбекистон чемпионатида ғолиб ва совриндор бўлган истеъдодли спортчилар 2017 йилга мўлжалланган халқаро майдондаги мусобақаларда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қиладилар.