АҚШнинг Chevrolet компанияси ўзининг ихчам электромобили Bolt савдосидан 8-9 минг доллар миқдорида зарар кўради. Бу ҳақда, Bloomberg агентлиги ўз манбаларига таянган ҳолда хабар қилмоқда.

Шунга қарамай, Chevrolet компаниясининг бош маркетологи Тим Махони Bolt бренд учун зарур экани борасида ишонч билдирган. Унинг фикрича, электромобиль авваллари Chevrolet автомобилларини харид қилишни хаёлига ҳам келтирмаган, технологиялар соҳасига муккасидан кетган ёшларни жалб этишга қаратилган.

Бугунги кунда Chevrolet Bolt АҚШ бозорида 36 минг 620 доллардан бошланади.
«Bolt»га 200 от кучига эга электр двигатель ўрнатилади. У ҳажми 60 кВт*соат бўлган литий-ионли батареядан қувватланади. Chevrolet Bolt ўрнидан соатига 100 км тезликка 7 сонияда эришади. Унинг максимал тезлиги соатига 146 кмни ташкил этади. У бир марта қувватлангач, 320 км масофагача бора олади.