Колумбиянинг Медельин шаҳри стадионида Бразилиянинг авиаҳалокатга учраган "Шапекоэнсе" жамоаси футболчилари хотирасини ёдга олиш маросими бўлиб ўтди. 

Айни шу ўйингоҳда атиги 3 нафар ўйинчиси тирик қолган жамоа маҳаллий "Атлетико Насьональ"га қарши майдонга тушиши керак эди. Стадион футбол мухлислари билан тўлгани хабар қилинмоқда. "Атлетико" мухлислари ўзлари билан Бразилия байроқлари, гуллар, ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик сўзлари битилган плакатлар, оқ ва яшил ҳаво шарларини олиб келишган. 

"Футболда чегара йўқ. Шапеко аҳолиси, мухлислари, оилалари сизларга куч тилаймиз", — дейилган стадион трибунаси узра тортилган улкан баннерда. Футбол мухлислари ҳалок бўлган ўйинчилар хотирасини қарсаклар билан ёдга олишган. 

Эслатиб ўтамиз, 29 ноябрда Медельиндан 50 километр узоқликда авиаҳалокат рўй берган эди. Унинг бортида жами 81 киши — 72 нафар йўловчи ва 9 нафар экипаж аъзоси бор эди. Улар орасида Жанубий Америка кубоги финалида "Атлетико Насьональ" жамоасига қарши майдонга тушиши зарур бўлган "Шапекоэнсе" клуби ўйинчилари ва ходимлари ҳам бўлган.

Айни вақтда 6 киши фожиада тирик қолганлиги айтилмоқда. Улардан 3 нафари футболчилардир. 75 киши ҳаётдан кўз юмган.