Колумбияда Бразилиянинг "Шапекоэнсе" жамоаси футболчилари бўлган самолёт ҳалокатида қурбон бўлган барча 71 кишининг шахси аниқланди. Рейтер агентлиги қурбонларнинг шахси аниқланиши жараёни якунлангани ҳақида маълумот берди.

Агентлик маълумотига кўра, жасадлар солинган тобутлар жума куни Бразилиянинг Шапеко шаҳрига етказилади. Марҳумларнинг жасадлари ҳарбий самолёт орқали етказилади.

Футбол клубининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими директори Андрей Копеттининг сўзларига кўра, тобутлар клуб стадионига олиб борилади. Бу ерда марҳумлар билан видолашув маросими ўтказилади. Маросимда Бразилия президенти Мишел Темер иштирок этиши кутилмоқда.

Самолёт 29 ноябрь кунига ўтар кечаси Колумбиянинг Медельин шаҳрига 50 км масофа қолганида қулаб тушди. Ҳаво кемаси бортида 77 киши бор эди — экипажнинг 9 нафар аъзоси ва 68 йўловчи (Бразилия футбол жамоаси футболчилари ва ходимлари ҳамда журналистлар).

"Шапекоэнсе" Судамерикано кубогининг биринчи финал баҳсини ўтказиш учун Колумбиянинг "Атлетико Насьональ" майдонига кетаётганди. 

Ҳалокатдан 6 киши омон қолди, уларнинг 3 нафари футболчилардир: Алан Рушел, Жексон Фольман ва Хелио Сампьер Нето. 

Интернетда самолёт учувчиси билан авиадиспетчер ўртасида бўлиб ўтган суҳбатнинг сўнгги дақиқалари ёзилган аудио пайдо бўлди.

Унга кўра, самолёт учувчиси диспетчерга бир неча марта мурожаат қилиб, электр ускуналар тўлиқ ишдан чиққани ва ёқилғи тугаб бораётганини айтиб, қўниш учун рухсат сўраган.

Охир оқибатда самолёт Медельин шаҳри яқинида, аэропортдан 50 км узоқликда ерга қулаган. Ёқилғи тугагани сабабли самолёт портлаб кетмаган ва бу бир неча нафар йўловчининг тирик қолишига сабаб бўлган.

Самолёт учувчиси сўнгги бор 9 минг фут (2700 метр) баландликда алоқага чиққан.