Россия президенти Владимир Путин Россия Федерацияси ташқи сиёсатининг янги концепциясини тасдиқлади. Путин тегишли фармонни  1 декабрда имзолади.
 
Фармон матнидан маълум бўлишича, Россия Суриядаги ихтилофни тартибга солиш ва бу давлатнинг бирдамлиги, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди. 

Бундан ташқари, Россия Корея яриморолидаги кескинликни камайтиришга интилади ва Япония билан қўни-қўшничилик муносабатларини йўлга қўйишни давом эттиради. 

Янги концепцияга кўра, Россия ташқи сиёсатидаги фаолиятида халқаро қонунчиликни мустаҳкамлашни устувор вазифа деб ҳисоблайди. "Россия алоҳида давлатларнинг халқаро ҳуқуқни тафтиш қилишга ва уни истаганча талқин қилишга уринишларига қарши чиқади", деб айтилган фармонда.

Концепцияда Россия ядровий қуролни тарқатмаслик сиёсатига амал қилиши айтиб ўтилган. 

Ҳужжатда шунингдек АҚШнинг ғарбий иттифоқдошлари билан бирга Россияга сиёсий ва иқтисодий босим ўтказиш йўли билан уни босиб туришга қаратилган ҳаракатлари ҳам эслаб ўтилган. Фармонда таъкидланишича, Россиянинг Ғарбдаги ҳамкорларининг ўзини бундай тутиши нафақат минтақавий, балки глобал барқарорликка ҳам путур етказади. 

Концепцияда Россиянинг НАТОнинг кенгайтирилиши ва альянс кучларининг Россия чегараларига яқинлашишига ҳали ҳам салбий муносабат билдириши айтиб ўтилган.

Янги концепцияда Арктика ҳақида ҳам тўхтаб ўтилган: Россия бу ҳудудда ўзаро манфаатлар ҳисобга олинган ҳолда Канада билан муносабатларни йўлга қўйишга тайёрлиги билдирилган.