Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш учун мамлакатимизга хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари келмоқда. 

ЎзА мухбири сайлов жараёнини ёритиш учун келган хорижлик журналистларнинг фикрлари билан қизиқди. 

Роберт Франсев, Россия-1 ва Россия-24 телеканаллари журналисти: 

– Касбим тақозоси билан Ўзбекистон журналистларининг фаолиятини кузатиб бораман. Мамлакатингиз фуқаролари сайлов қонунчилигидан, Президентликка номзодлар ҳақидаги маълумотлардан яхши хабардор. Бу Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг демократик, очиқлик ҳамда ошкоралик тамойилларига мувофиқ ўтиши ва сайловчиларнинг ўзларига муносиб номзодни танлашларига кенг имконият яратади. 

Абу Шихада Майн, Ўмон Султонлигининг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот бўлими ходими: 

– Ўзбекистон сайлов қонунчилиги ва тизими йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда. Сайлов кампаниясининг илғор жиҳатларидан бири Президентликка номзодлар учун сайловолди ташвиқотини олиб боришда тенг имкониятлар яратилганидир. Буни оммавий ахборот воситаларидаги ташвиқот материаллари, кўчаларга ўрнатилган баннерлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Биринчи марта овоз берадиган фуқароларга алоҳида эътибор қаратилиши ҳам диққатга сазовор. Ёшларни мамлакат сиёсий ҳаётига жалб қилиш барқарорликни мустаҳкамлашнинг муҳим омилларидан биридир. Ўзбекистондаги Президент сайлови адолатли, очиқ ва демократик руҳда ўтишига ишонамиз. 

Лейла Оружова, Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси: 

– Ўзбекистон сайлов қонунчилигига кўра Марказий сайлов комиссиясига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича мутлақ ваколатлар берилган. Бундай мақом сайловни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнида қонунийликни таъминлаш, сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади. Сайлов тўғрисидаги қонунларда халқаро тажриба ва мамлакатингиз амалиёти ҳисобга олинган ҳолда, сайлов жараёнининг барча босқичларида сиёсий партиялардан кузатувчилар, ОАВ вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиши мустаҳкамлангани юксак эътиборга лойиқ.