Туркиянинг етакчи Адолат ва тараққиёт партияси ва Миллий ҳаракат партияси томонидан келишилган Туркиянинг янги конституцияси лойиҳаси парламентга кейинги ҳафтада кўриш учун киритилади, у бўйича референдум эса 2017 йил ёзи бошида ўтказилиши мумкин, деб айтди Туркия бош вазири Бинали Йилдирим.

Туркиянинг янги конституцияси лойиҳаси давлатда президентлик бошқаруви шаклига ўтишни кўзда тутади. Парламент бу лойиҳани конституцион кўпчилик билан маъқуллаши ёки референдумга қўйиши мумкин.

Йилдиримнинг айтишича, лойиҳа амалдаги конституциядан фарқли равишда, Туркия президентига партияда аъзолик қилишни давом эттиришга рухсат беради.

Бироқ Туркиянинг мухолиф партиялари президент бошқарувига ўтишга қарши чиқмоқдалар ва Ражаб Тойиб Эрдўғанни яккаҳокимликни ўрнатишга интилаётганликда айбламоқдалар.

Айни вақтда Туркияда парламент бошқаруви амал қилади ва у Туркия Республикаси 1923 йилда ташкил этилгандан бери мавжуд.