Тошкент шаҳрида яшовчи Луиза Турғунова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) осонлик билан бойлик орттириш илинжида, дастлаб ўзи, сўнг бошқа шахсларнинг номига миллий валютага АҚШ долларини Марказий банк томонидан белгиланган қийматларда “VISA EXCHANGE” тўлов пластик карталарига тушириш билан шуғулланади, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” нашри.

Сўнг пластик карта очилган шахслардан мазкур карталарни олиб, ишга киришади, яъни республика ҳудудидан ташқарида ҳамда чегарага яқин ҳудудларда пластик карталарни ноқонуний сотиб олиш ва нақдлаштириш билан шуғулланувчи жиноий шериклари билан келишган ҳолда уларни АҚШ долларига сотади. Ушбу долларларни эса “қора бозор”да миллий валютага алмаштириб, олинган даромадни шахсий манфаати учун ишлатади.

У келажакдаги дабдабали ҳаётини таъминланиши учун 2015 йил давомида ҳамда 2016 йилнинг март ойига қадар 13 нафар фуқарони 50 минг сўмдан ҳақ эвазига ёллайди. Аввал ўзининг, кейин ёлланма шахсларнинг номига АТИБ “Ипотека банк”нинг Олмалиқ филиалидан “VISA EXCHANGE” халқаро тўлов пластик карталари очиб берилишига эришади.

Л.Турғунова дастлабки терговда шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган Салем исмли аёл билан жиноий тил бириктиради. Ўзининг ва 13 нафар фуқаронинг номига очилган “VISA EXCHANGE” халқаро тўлов пластик карталарига 27 минг 985 АҚШ долларини Марказий банк томонидан белгилаб берилган қийматда сотиб олиб, Салемга ўтказади ва у орқали АҚШ долларига нақдлаштириб, “қора бозор”да мавжуд тафовут эвазига ноқонуний фойдани қўлга киритади.

Ушбу ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар суди Л.Турғуновани ЖКнинг тегишли моддалари билан айбдор деб топиб, 5 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.