Жанубий Корея республикаси аҳолисининг 75 фоиздан ортиғи мамлакат президенти Пак Кин Хега импичмент эълон қилиш ғоясини маъқулламоқда. Президентнинг расмий муддатидан аввалроқ истеъфога чиқиши хусусида баёнот берганига қарамай, шундай кайфият сақланиб қолмоқда. 

Ёнхап агентлиги Real Meter компанияси ўтказган ижтимоий сўров натижаларига асосланган ҳолда шу ҳақда хабар қилмоқда. Сўралганларнинг 17 фоизидан кўпроғи президентга нисбатан импичментга қарши. 

Аввалроқ, ҳукмрон Сэнури партиясининг амалдаги президентга қарши чиқаётган аъзолари, мамлакатда вужудга келган вазиятнинг ягона ечими давлат раҳбарининг 2017 йил апрелида муддатидан аввал истеъфо бериши, шундан сўнг, июнь ойида навбатдан ташқари сайловлар ўтказиш эканини такидлашганди. Уларнинг фикрича, муаммони ҳал этишнинг бундай "йўл харитаси" ҳокимият топширувини таъминлаш ҳамда сайловларга тайёрланишда томонларга етарли вақт тақдим этади. 

Турли партиялар вакиллари билан фавқулодда маслаҳатлашувлар ўтказишни президент Пак Кин Хе маъмурияти ҳам илгари сурмоқда. Унга кўра, турли партиялар амалдаги президент истеъфосининг муддати ва жараёнига ойдинлик киритувчи ягона тўхтамга келиш лозим. Мухолифат томони эса импичмент эълон қилиш фикрини ҳимоя қилмоқда. 

Корея президенти Пак Кин Хе атрофидаги сиёсий можарога унинг дугонаси Цой Сун Силь билан боғлиқ хабарлар эълон қилингач, авж олди. Президентнинг қоҳин дугонаси, давлат лавозимини расман эгалламаганига қарамай, давлат раҳбари маърузаларини текширган ва уларга тузатишлар киритган. Бундан ташқари, Цой Сун Силь турли копорациялар томонидан йиғилган 70 млн долларга яқин маблағни ўзлаштирганликда гумон қилинмоқда.