Жанубий Кореяда мамлакат президентининг отаси ва давлатнинг собиқ раҳбари Пак Чон Хининг уйига ўт қўйиб кетишди. Бу ҳақда Ренхап агентлиги полиция вакиллари ва маҳаллий ўт ўчириш хизмати ходимларига асосан хабар тарқатди.

Таъкидланишича, ёнғин собиқ президентнинг Куми шаҳридаги уйида юз берган бўлиб, у Сеулдан 261 км узоқликда жойлашган. Бунинг натижасида собиқ раҳбарнинг портрети қўйилган хотира залига жиддий зарар етди.

Полиция воқеага алоқадорликда гумон қилиб 48 ёшли эркакни қўлга олган. Агентликнинг таъкидлашича, гумондор 2012 йил Жанубий Кореянинг бошқа президент мемориалига ҳам ўт қўйган бўлиши мумкин.

Ҳодиса Жанубий Кореяда авж олган коррупция билан боғлиқ можаро вақтида рўй берди. Эслатиб ўтамиз, мамлакат прокуратураси 20 ноябрь куни президент Пак Кин Хенинг яқин дугонаси – Чхве Сун Силь иши бўйича оралиқ тергов натижаларини маълум қилди. Тахминларга кўра, аёл 50 дан ортиқ компанияларни ўнлаб миллион долларни ўзининг жамғармасига ўтказишга мажбурлаган.