2020 йилда Японияда биринчи Бутунжаҳон роботлар саммити бўлиб ўтади. Айти ва Фукусима префектуралари ушбу анжуманга мезбонлик қилиши ҳақида Япония иқтисодиёт вазири Хиросигэ Сэко маълум қилган.

"Бутунжаҳон роботлар саммити" жаҳон мамлакатларидан келтирилган роботларнинг турли йўналишлар бўйича мусобақасини англатади. Умуман, инсоният кўмакчилари ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, табиий офатларга қарши кураш инфратузилмалари борасида куч синашади. 

"Биз роботларнинг келажак жамиятларида қандай ҳаракат қилишларини ва бундан турмуш нақадар ўзгаришини кўриш ниятидамиз", — деган Сэко.

Анжуманнинг асосий дастури Айти префектурасида бўлиб ўтади, табиий офатларга қарши кураш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича анжуман Фукусима префектураси Минамисома шаҳрида ташкил этилади. 

Мазкур саммитга университетлар, илмий институтлар ва корхоналар таклиф этилади. Улар ишлаб чиққан роботлар нафақат маҳсулот ишлаб чиқаришдаги имкониятларини, балки уйдаги жиҳозларни жойлаштириш, ҳожатхоналарни тозалаш, маҳсулотларни пештахталарга жойлаш ва бошқа турдаги фаолиятларини намойиш эта олишлари керак. 

Ҳалокатлар бўйича тайёрланган роботлар нефтни қайта ишлаш заводида рўй берувчи фалокатдан сўнг жабрланганларни қидириб, қутқариш ҳамда тоннелда юз берган ЙТҲ оқибатларини бартараф этиш борасида куч синашади.