Жонибек Саидқулов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2014 йилда Юқоричирчиқ туманидаги Агросаноат ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежига директор қилиб тайинланди.

“Ҳуқуқ” газетасининг хабар беришича, аввалига рисоладагидек иш бошлаган директор кўп ўтмай айниди-қолди. Коллежда амалиётчи-бухгалтер вазифасида фаолият юритаётган Б.Шараповани ҳузурига чақириб, маълумоти ўрта махсус бўлгани боис ишдан бўшатишини маълум қилди. Ж.Саидқулов ишдан бўшатмаслик ҳақида сўралганда 100 АҚШ доллари олиб келса, масалани ижобий ҳал қилиш мумкинлигини шаъма қилди.

Орадан ўн кунча вақт ўтгач, директор Б.Шараповани хонасига чақириб, меҳнат шартномаси тугаганлигини айтди ва пулни ҳам олиб келмаганлигини эслатиб қўйди. Кўп ўтмай эса “инсоф кирди” чоғи, бунча пулни бирдан топишга қийналса, ҳозирча 280 минг сўм бериши ҳам мумкинлигини айтди.

“Бер-бер” жонига теккан Б.Шарапова охири тегишли идораларга ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлди. У директорга махсус ишлов берилган пулни бергач, тамагир раҳбар ашёвий далил билан қўлга олинди.

Тергов ва суриштирув чоғида директор билан унинг ҳамтовоқларининг бошқа жиноятлари ҳам фош этилди. Маълум бўлишича, Ж.Саидқулов коллеж бош ҳисобчиси ҳамда ишлаб чиқариш таълим устаси билан келишиб, 2014 йил август ойидан 2015 йилнинг июнига қадар ўзига 1 млн. 843 минг сўм, бош ҳисобчига 12 млн. 886 минг сўм, ишлаб чиқариш таълим устасига эса 9 млн. сўмдан ошиқроқ маблағни асоссиз равишда қўшиб ҳисоблаган экан.

Бундан ташқари, коллежнинг 5 нафар ўқитувчисига 266 минг сўм ортиқча иш ҳақи ҳамда ўтилмаган дарс соатлари учун 346 минг сўм қўшимча ҳисобланиб, жами 24 млн. сўмдан кўпроқ бюджет маблағини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинган экан.

Жиноят ишлари бўйича Юқоричирчиқ туман суди томонидан таълим даргоҳини даромад манбаига айлантириб олган кимсаларга тегишли жазо тайинланди.