Парагвай терма жамоасининг собиқ дарвозабони Хосе Луис Чилаверт Жанубий Америка футбол конфедерацияси (КОНМЕБОЛ) томон кескин танқидлар билдирди. Чилавертнинг ҳисоблашича,  «Шапекоэнсе» клуби футболчилари ўлимида айнан шу ташкилот айбдор.

«КОНМЕБОЛ – коррупция авж олган ташкилот. Улар футболни йўқ қилиш ва бунинг ортидан бойишда давом этишмоқда. Бу ташкилот президенти эскирган самолётни парвозлардан олиш чораларини кўриши керак эди. Бу лайнер айнан КОНМЕБОЛ вакили томонидан таклиф этилган. Улар жуда кўп ёш ва умидли одамларнинг ўлимига сабабчи бўлишди», — дея Чилавертнинг сўзларини келтирган Radio 10.

«Шапекоэнсе» жамоаси 1 декабрь куни Жанубий Америка кубоги финалида Колумбиянинг «Атлетико Насьональ» жамоасига қарши ўйнаши керак эди. Аммо 29 ноябрь куни Колумбиянинг Медельин шаҳри яқинида бу жамоанинг 25 футболчиси, жамоа ходимлари, журналистлар ҳамда экипажнинг 9 аъзоси, жами 77 киши бўлган самолёт қулаб тушди. Ҳалокатдан 6 киши омон қолган.