Хитой суди бундан 21 йил муқаддам номусга тегиш ва қотиллик жинояти билан айбланиб, қатл қилинган фуқарони  оқлади. Бу ҳақда “Синьхуа” агентлиги хабар бермоқда.

Не Шубинь 1995 йилда қатл қилинган эди. Ўшанда унинг ёши 21да бўлган.

Йигит 1994 йилнинг 1 октябрь куни ҳибсга олинган эди. Унга нисбатан ўша йилнинг 5 август куни Хэбэй провинциясининг Шицзячжуан шаҳрида яшовчи аёлга жўхори даласида ҳужум қилганлик айби қўйилади. Суд 1995 йилнинг май ойи ўрталарида Не Шубинга нисбатан номусга тегиш ва қотиллик айби билан ўлим жазоси чиқаради.

Айбланувчи апелляция беради, аммо ҳукм ўз кучида қолдирилади.

Орадан ўн йил ўтиб, 2005 йилнинг 18 январь куни қатор қотилликлар қилган жиноятчи Ван Шуцзинь ўша қотилликни ҳам ўзи қилганлигини тан олади. Суд жиноятчини ўлимга ҳукм қилади, аммо у апелляция киритади. Айни дамда суд мазкур ишни кўриб чиқмоқда.