Испаниянинг Валенсия шаҳрида “Ўзбекистон Президент сайлови арафасида” мавзуига бағишланган конференция  бўлиб ўтди.

Мамлакатимизнинг Мадриддаги элчихонаси ва Валенсия Халқаро стратегик тадқиқотлар институти ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда Испания Конгресси депутатлари, мамлакатнинг расмий, сиёсий, ишбилармон доиралари вакиллари, экспертлар ҳамда журналистлар иштирок  этишди.

Улар республикамизда  Президент сайловларига тайёргарликнинг бориши, давлат раҳбари лавозимига номзодларнинг дастурлари, бу жараёнда сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтларининг тутаётган ўрнига доир маълумотлар билан атрофлича танишдилар.

Шунингдек, бутун сайлов жараёни шаффофлик ва демократия тамойиллари асосида ўтиши таъминланиши бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг боришини мониторинг қилишга халқаро кузатувчилар, жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг миссияси кенг жалб этилганига алоҳида эътибор қаратилди.

Ушбу сайлов кампаниясига ва умуман, Ўзбекистонда кечаётган долзарб ижтимоий-сиёсий жараёнларга Испания томони вакиллари катта қизиқиш билдиришди. Буни анжуманнинг айрим иштирокчилари “Жаҳон” ахборот агентлиги учун берган интервюлар мазмунидан ҳам билиш мумкин. 

Хосе Мария Чикиё Барбер, Испания Конгресси депутати:

- Мустақил ривожланишнинг ўтган 25 йили мобайнида демократия, эркинлик ва барқарорликни таъминлаш борасида катта тараққиётга эришган Ўзбекистон бугун навбатдаги муҳим босқич - мамлакат келажаги учун улкан аҳамиятга эга бўлган сайлов арафасида турибди. Жорий йил 4 декабр куни Ўзбекистон халқи демократик ва эркин сайловлар чоғида тўрт сиёсий партиядан илгари сурилган тўрт нафар номзод орасидан янги Президентни сайлайди. Шубҳа йўқки, бу сайловлар республика учун, унинг бундан кейинги фаровонлиги учун фундаментал аҳамиятга эгадир.

Биз Европада, жумладан, Испанияда туриб Ўзбекистон доимо тинч, барқарор ва демократик давлат бўлиб қолишига тилакдошмиз.

Хесус де Салвадор, профессор, Валенсия Халқаро стратегик тадқиқотлар институти директори:

- Ўзбекистон кўҳна қитъанинг қоқ юрагида жойлашган жуда муҳим стратегик Осиё давлатларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда мамлакат  тарихий воқеа - Президент сайлови остонасида турибди. Мамлакат тақдири қўлида турган ўзбек халқи сайловда бу муҳим ва масъулиятли лавозим учун энг муносиб бўлган номзодни ёқлаб овоз беради. 

Тилагим шуки, Ўзбекистон келгусида ҳам иқтисодий изчил ўсаётган, сиёсий барқарор ва халқаро майдонда катта обрў-эътиборга эга бўлган мамлакат сифатида ажралиб турсин.

Хосе Хоё Родриго, Ижтимоий фанлар, технологиялар ва таълим халқаро академиясининг профессори:

- Энг аввало, шуни қайд этишни истардимки, бой тарих ва маданиятга эга Ўзбекистон менда ҳамиша ҳурмат-эҳтиром ва ифтихор туйғуларини уйғотган.

Бугун бўлиб ўтган конференция чоғида Ўзбекистондаги сайловолди жараёнлар  билан яқиндан танишдик. Тақдим этилган маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, мустақил ривожланишнинг 25 йили давомида мамлакат кўпдан-кўп демократик андозаларни, жумладан, эркин ва адолатли сайловлар ўтказишни ўзлаштирган. Сайлов билан боғлиқ жараёнлар очиқлик касб этган, сиёсий партиялар эркин фаолият кўрсатмоқда, ўз сиёсий дастурларини илгари суриш учун барча номзодларга тенг имкониятлар берилган. Буларнинг барчаси замонавий демократик сайловларнинг ажралмас қисми ҳисобланади. 

Даниел Алегре Понсе, хавфсизлик масалалари бўйича эксперт, публицист:

- Ўзбекистонга, унинг ички ва ташқи сиёсатига, сўнгги чорак аср давомида ҳаётга тадбиқ этилган кенг қамровли ислоҳотларга ҳурмат билан қарайман.

Мамлакатингизда рўй бераётган ўзгаришларни диққат билан кузатиб бормоқдаман. Сайлов арафасида халқаро ҳамжамият эътибори Ўзбекистонга қаратилган ва бу тушунарли ҳолдир. Шу ўринда бир муҳим жиҳатни алоҳида таъкидлашни истар эдим: Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича тўлақонли миссиясини юбориш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу, ўз навбатида, ҳозирги кунларда республикада рўй бераётган катта муваффақиятлар ва демократик ўзгаришлар халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилганидан далолат беради.

“Жаҳон” АА,
Мадрид-Валенсия-Мадрид