Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида бугунги кунда ўз ечимини кутиб турган ижтимоий масалаларни ҳал қилиш долзарб вазифалардан бири экани таъкидланади. Бу борада номзод “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган ҳаётий тамойилга устувор аҳамият қаратади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярми, яъни 16 миллион одам қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Ҳар йили қишлоқларда 160 мингдан ортиқ ёш оила барпо бўлади. Табиийки, уларнинг аксарияти уй-жойга эҳтиёж сезади.

Кўплаб ривожланган мамлакатларда фуқароларнинг аксарияти ўз уйига эга бўлмай, ижарада туришни маъқул кўрса, мамлакатимиз аҳолиси, асосан, ўз уй-жойига эга бўлиш, унда оиласи билан бахтли ҳаёт кечириш, фарзандларини замонавий андозалар асосида барпо этилган, барча шарт-шароитга эга уйда тарбия қилишга интилади. Одамларимиз ўз уйига эга бўлишни фаровон ва барқарор турмушнинг муҳим омили, деб билади.

Мазкур масаланинг долзарблигини ҳисобга олган ҳолда, кейинги йилларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қуриш, қишлоқда муҳандислик, коммуникациялар, ижтимоий ва бозор инфратузилмасини яратиш борасида кенг миқёсли ишлар олиб борилди. Тегишли дастур амалиётга йўналтирилганидан буён қишлоқ жойларда 69 минг 557 та турар жой бунёд этилиб, ўтган етти йил давомида бу мақсадларга мамлакатимиз тижорат банклари томонидан 4,3 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Шу билан бир қаторда, ушбу эзгу ишларга халқаро молиявий институтларнинг кредит линиялари жалб этилди. Юқорида келтирилган рақамлар ортида ўз уйига эга бўлган бахтли ота-оналар ва фарзандлар, уй-жой ша¬роитларини яхшилаб олган ўн минглаб оилалар турганини англаш қийин эмас.

Айни пайтда ушбу соҳани ўрганиш аҳолининг реал эҳтиёжлари ва харид қобилиятини, шунингдек, миллий менталитетни ва қишлоқ жойларда яшаш шароитларининг хусусиятларини тўлиқ ҳисобга олиб қурилиш самарадорлигини оширишга йўналтирилган принципиал жиҳатдан янги ёндашувларни ишлаб чиқиш зарурлигини кўрсатди. Қишлоқ аҳолисининг замонавий ва арзон уй-жойга эҳтиёжи тобора ортиб бораётгани уй-жой қурилиши учун имтиёзли кредитлар беришнинг янада қулай шартларини жорий этиш, энергияни тежайдиган материаллар ва асбоб-ускуналарнинг янги турларидан фойдаланишни кенгайтириш, шунингдек, уйларнинг таннархини пасайтиришни тақозо этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президент¬лигига номзод Шавкат Мирзиёев ўз Сайловолди дастурида беш йилга мўлжалланган, тўрт хил янги намунадаги, қулай ва арзон уй-жойларни барпо этишга қаратилган Қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурини амалга оширишнинг аниқ йўналишларини баён қилди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда уй қурувчиларнинг якка тартибдаги уй-жой барпо этиш учун бошланғич бадали 25 фоизни ташкил этаётган бўлса, дастурга мувофиқ, бадал миқдори 15 фоизгача камайтирилади. Шу билан бирга, уй қурувчиларга 3 йиллик имтиёзли давр ва биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз миқдоридаги ставкаси билан 15 йил муддатга ипотека кредитлари берилади.

Бундан кейинги даврда кредитнинг фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкинингқайтамолиялаштириш ставкасидан ошмайди.

Дастурда кўзда тутилган ипотека кредитларига доир енгилликлар ёш оилаларга уй-жой харид қилишни ортга сурмасдан ўз уйига эга бўлиши ҳамда кредит тўловларини қийинчиликсиз амалга ошириши, қисқача айтганда, муносиб турмуш кечиришини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Дастурда асосий эътибор уй-жойнинг айнан арзонлигига қаратилган, бу эса фуқароларимизга ушбу афзалликдан фойдаланиши учун кенг йўл очади.

Барпо этилаётган намунавий уйларнинг нархи ниманинг ҳисобидан пасайтирилиши ҳам пухта ўйланган. Бунинг учун асосий қурилиш материаллари ва буюмларга қурилиш-пудрат ташкилотларининг харажатлари мақбуллаштирилади, уй қурувчиларига солиқ, божхона имтиёзлари ва бошқа имтиёзлар тақдим этилади. Дастурни амалга оширишнинг биринчи босқичидаёқ, яъни 2017 йилда эҳтиёжманд оилалар учун бошланғич тўлов ҳажми икки баробар камайтирилиб, тўрт хил янги намунадаги, қулай ва арзон, бир ва икки қаватли 15 мингта замонавий уй-жой барпо этиш мўлжалланмоқда. 

Кейинги йилларда мамлакатимизда қурилиш материаллари саноатини ривожлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар натижасида қурилиш соҳасининг илғор технологиялари асосида халқаро стандартларга жавоб берувчи замонавий қурилиш ва пардоз материалларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди, айни пайтда уларнинг экспорти йўлга қўйилди.

Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Сайловолди дастурида 2017 – 2020йилларда шаҳарларда 945 та кўп қаватли уйлар қуриш дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Дастурга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳри ҳамда йирик шаҳарларда 50 мингга яқин оилалар учун кўп қаватли арзон уйлар қурилади. Янги уйларнинг қурилиши дастурда кўзда тутилган бошқа чоралар, яъни шаҳар ва қишлоқларда барпо этилаётган янги мавзеларда тегишли инфратузилмани яратиш, жумладан, йўл-транспорт тармоқларини барпо этиш, сув тармоқларини модернизация қилиш, энергия таъминотини яхшилаш билан биргаликда фуқароларимиз турмуш шароитларини салмоқли даражада яхшилаш имконини беради.

Бундан ташқари номзодимиз Шавкат Мирзиёев Сайловолди дастурида долзарб ижти¬моий масалаларни ҳал қилишга қаратилган 15 та мақсадли дастур ишлаб чиқиш вазифаси илгари сурилгани, қолаверса, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш биринчи даражали вазифалар қаторига киритилгани ғоят аҳамиятлидир.

Ана шу хайрли ишларнинг амалий ифодаси сифатида келгусида 9 минг км. ичимлик суви тармоқлари, 1,4 мингта қудуқ ва 3,6 мингта сув иншоотини қуриш ва реконструкция қилиш, қўшимча 3,2 млн. аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш орқали мамлакатимизда ушбу кўрсаткични 84 фоизга етказиш, 25,3 минг км. паст кучланишли электр тармоқларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш, 5,6 мингта трансформатор подстанцияларини алмаштириш, 1,7 минг км. автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш, аҳоли учун ўта муҳим бўлган 10,4 минг км. хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарлар, туман марказлари, кичик шаҳарчалар ва қишлоқ жойлардаги маҳалла кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш каби вазифалар ўз ечимини топади.

Умуман, сайловолди дастурида назарда тутилган шу ва бошқа тизимли чора-тадбирларнинг рўёбга чиқарилиши пировардида халқимиз фаровонлигининг юксалишига, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига ҳизмат қилади, десак асло муболаға бўлмайди. 

Мамлакатимиз келажакда дунёнинг энг тараққий топган давлатлари қаторида ўз муносиб ўрнига эга бўлсин, деган фуқароларни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақирамиз.

Дилшод ШОУМАРОВ, 
O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия 
қўмитаси раиси ўринбосари

Реклама ҳуқуқи асосида.