«Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Жозе Моуриньо ҳалиям яримҳимоячи Бастиан Швайнштайгерни ўз режаларидан чиқариб ташламаганини маълум қилди. 

«Албатта, Швайнштайгер январда «МЮ» билан қолиши мумкин. Сенда жамоа билан шартнома бўлса, сен ўз келажагингни белгилашга ҳаққинг бўлади.

Бастиан бизга ёрдам бериши мумкин. У ҳам бошқа футболчилар каби кўпроқ вақт ўйнаши учун тинмасдан меҳнат қилиши лозим. Ёзда биз Швайнштайгерга келажаги учун бошқа бир қатор вариантларни таклиф қилдик. Бироқ у шундай шароитда бўлишига қарамай қолишга қарор қилди. У майдонга тушиш учун бор имкониятини ишга солмоқда. Менга бундай одамлар ёқади», – дея Моуриньонинг сўзларини келтиради Sky Sports.

Мавсум бошида Моуриньо Бастиан Швайнштайгерни ўринбосарлар жамоасига жўнатиб юборганди. Кейинроқ унга асосий таркиб билан ишлаш имконияти берилди. Швайнштайгер 30 ноябрда Англия лига кубоги 1/4 финал доирасидаги «Вест Ҳэм»га қарши учрашувда (4:1) захирадан майдонга тушиб, мавсумдаги биринчи учрашувини  ўтказганди.