Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2016 йил 7 октябрдаги 748-сонли қарори билан тасдиқланган Дастур асосида, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллиги муносабати билан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши, унинг тармоқлари, шаҳар-туман кенгашлари ҳамда ташкилотлардаги бошланғич касаба уюшмалари қўмиталари томонидан ўтказилган маънавият соатларида сайлов қонунчилигига оид ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати” каби мавзуларда маърузалар қилинмоқда. Жумладан, ноябрь ойининг учинчи ўн кунлиги мобайнида бирлашма тасарруфидаги ташкилот, корхона ва муассасаларда жами 232 маротаба мавзуга оид маънавият соатлари ҳамда семинарлар ўтказилди.

Ушбу тадбирларда ишчи-ходимлар ҳамда уюшмаган аҳолининг сайлов қонунчилиги борасида билимлари оширилди, ҳуқуқий маданиятини шакллантиришга кўмаклашилди.

Шундай давра суҳбатлари ва семинарлар  Гулистон шаҳар ҳокимлигида Марказий  банкнинг вилоят филиалида, вилоят Фермерлар кенгаши ҳамда вилоят Шошилинч  тез тиббий ёрдам марказида, Янгиер шаҳар марказий шифохонаси ҳамда  мусиқа мактабида, “Сирдарё ИЭС” ОАЖ   ҳамда Ширин шаҳар мусиқа мактабларида қизғин ўтди.

Ушбу тадбирларда асосий мавзу бўйича маърузачи вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси Камолиддин Оқбўтаев иштирокчиларга сайлов қонунчилиги ва сайловчилар ҳуқуқлари тўғрисида батафсил маълумотлар берди.

Фақатгина  Гулистон шаҳрининг ўзида бир кунда 3та меҳнат жамоасида сайлов қонунчилиги тарғиботига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди. Гулистон шаҳар санъат касб-ҳунар коллежида, вилоят Маънавият ва маърифат марказида, “Гулрентекс” Ўзбекистон-Буюк Британия қўшма корхонасида минг нафардан зиёд ишчи-ходимлар иштирок этди. Улар “Шахсан ўзим овоз бераман!”, “Бизнинг оиламизда хар биримиз ўз овозимизга эгамиз!” ва “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати” мавзуларида маърузалар тинглашди ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

– Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бугун касаба уюшмаси аъзолари ҳар қачонгидан-да фаол, – дейди К. Оқбўтаев мухбир билан суҳбатда. – Бирлашмамиз бўлимлари ҳодимлари, тармоқлар Республика Кенгашларининг масъул ташкилотчилари ва туман, шаҳар Кенгашлари фаоллари томонидан ҳудудлардаги ҳар бир корхона, ташкилот ва муассасаларда тадбирлар ўтказилиб, Сайлов қонунчилиги ва Конституцияга бу борада киритилган ўзгартишлар, сайловчиларнинг ҳуқуқ ва масъулиятлари мавзуларида ишчи-ходимларнинг билимлари оширилмоқда.

– Вилоятдаги электртармоқлари корхоналарида ҳам  тарғибот-ташвиқот ишлари қизғин олиб борилмоқда, дейди “Сирдарё ХЭТК” АЖ бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Шавкат Мирзабеков. – Хусусан корхонамизда ўтказилган 3 та сайлов қонунчилигига бағишланган тадбирда 600 нафардан ошиқ ходимларимиз қамраб олинди, ушбу тадбирларда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси К.Оқбўтаев ҳамда вилоят адлия бошқармасидан мутахассислар иштирок этиб, иштирокчиларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини шакллантиришга ёрдам бердилар.

– Сайхунобод туманидаги  Агросаноат мажмуи ходимлари ва Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмалари тасарруфидаги 10дан ошиқ  ташкилот-корхоналарда  қарийб уч минг нафар сайловчига сайлов қонунчилиги ва сайловчиларнинг конституцион ҳуқуқлари ҳақида тушунчалар бердик, шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги сайловчилар ўтган йиллардагидан кескин фарқ қилади, улар сайловларда шахсан иштирок этиб, ўз фуқаролик позициясини билдириш ниятидалар, – дейди Камолиддин Оқбўтаев.

Шу билан бирга, вилоятимизнинг чекка ҳудудлари аҳолиси ҳам эътибордан четда қолишгани йўқ, хусусан, Ховос тумани “Гулбаҳор” қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқитувчи-ходимлари, “Фарҳод-5” маҳалласида истиқомат қилувчи уюшмаган аҳолиси ўртасида, Ховос транспорт касб-ҳунар коллежи ва Меҳнатобод мусиқа ва санъат мактабида юқоридаги мавзуларда семинар-учрашувлар ўтказилди. Ушбу тадбирларда минглаб ишчи-ходимлар, уюшмаган аҳоли иштирок этишди. Тадбирларда, айниқса, бу йил биринчи бор сайловларда иштирок этаётган ёш йигит-қизларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бундай тарғибот-ташвиқот тадбирлари ҳали давом этмоқда.

Зебо Ҳайдарова