Сурияда аксилтеррорчилик операциясида иштирок этаётган F-22 Raptor қирувчи самолётларининг уларни радиолокацион қурилмаларга "кўринмайдиган" қилувчи радиоютувчи қопламаси тўкилиб туша бошлади. Бу ҳақда Aviation Week хабар бермоқда. 

Ресурс маълумотларига кўра, самолётлар фюзеляжларининг баъзи жойларида радиоютувчи бўёғи буришиб, тўкилиб туша бошлаган. Америкалик ҳарбийларнинг фикрича, бу маҳаллий иқлим шароитлари туфайли юз бермоқда. 

Lockheed Martin авиасозлик компаниясидаги F-22 дастури раҳбари Жон Коттэмнинг тушунтиришича, самолётларнинг қопламаси ўз қаттиқлигини йўқотиб, ўзининг дастлабки суюқ ҳолатига қайтаётгани сабабли уларга путур етган. Бунга ёмғирлар ва қум бўронлари таъсир қилган.

Учувчилар аввал ҳам F-22’ларнинг "кўринмаслиги" барбод бўлаётганидан шикоят қилишган. 2009 йилда Lockheed Martin’нинг собиқ муҳандиси Дэррол Олсен компанияни  радиоютувчи плёнка сув, мой ёки ёқилғи таъсирида осон ўчиб кетиши сабабли самолётларни бу қоплама билан бир неча қатлам ортиқча қоплашда айблаганди.