Таиланднинг марҳум қироли Пумипон Адульядетнинг (Рама IX) меросхўри ва ягона ўғли Маха Вачиралонгкорн 1 декабрда Таиланд қироли бўлиш таклифини қабул қилди ва тахтга ўтирди.

Таиланд телевидениеси орқали намойиш қилинган расмий қабулда мамлакат парламенти раиси Помпет Вичитчончай Вачиралонгкорнни тахтни эгаллашга чақирди ва унинг розилигини олди. Шу тариқа, меросхўрнинг тахтга ўтириш жараёни якунланди. 

Қирол саройидаги учрашувда шунингдек мамлакатнинг бош вазири Прают Чан-Оча,  регент Прем Тинсуланон ва Олий суд раҳбари иштирок этди. "Мен Таиланд халқи фаровонлиги йўлида таклифни қабул қиламан", деб ўз розилигини билдирган янги қирол. 

Шундан кейин Вичитчончай миллатга мурожаат қилиб, "тахт ворислиги жараёни тўлиқ амал қилинганини" маълум қилган. Сўнгра бош вазир сўз олиб, "Таиланд аҳолисига энди бизда янги қирол борлигини маълум қилишдан хурсандман", деб айтган.

Бош вазир шунингдек Рама X’га тож кийдириш маросими унинг отаси жасади кремация қилингандан кейин ўтишини маълум қилди. Бу маросим ўтказиладиган санани янги қиролнинг ўзи белгилайди. Таиландда тахтга ўтириш билан тож кийдириш маросими ҳар доим ҳам мос келмайди. Мисол учун, марҳум қирол тахтга 1946 йил ўтирган, бироқ 4 йилдан кейингина бошига тож кийдирилган.

Таиланд ҳукуматининг жамоатчилик билан алоқалар департаменти янги қиролнинг номини маълум қилди. У тахтга ўтиргандан кейин Маха Вачиралонгкорн Бодинтхаратхеппхаяварангкун деган исм олди. Рама Х тахтга отаси вафотидан 50 кун ўтгач ўтирди. Марҳум қирол 13 октябрда 88 ёшида вафот этганди.