Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги Дўстлик мавзесининг кўп қаватли уйларидан бири олдида ташлаб кетилган чақалоқ топилди. Бу ҳақда «Новости Узбекистана» хабар бермоқда.

29 ноябрь куни мавзеда яшовчи аҳоли бола солинган сумкани пайқаб қолишган ва маҳалла расмийлари иштирокида унинг ичини очишганида, туғилганига бир ҳафта ҳам бўлмаган чақалоққа гувоҳ бўлишган.

Участка нозири ва тез ёрдам машинаси чақирилган. Воқеа жойига туман ИИБ ва прокуратура вакиллари ҳам етиб келган. Гўдак 5-шаҳар клиник шифохонасига кўрик учун етказилган. Бола мутлақо соғлом бўлиб чиққан.

Дастлабки маълумотларга кўра, аёл болани туғруқхонада эмас, балки бошқа бирор ерда дунёга келтирган. Гўдакнинг биологик онаси ҳали ҳам топилган эмас.