АҚШнинг янги президенти этиб сайланган Дональд Трамп АҚШ компаниялари хорижда бизнес юритиш учун мамлакатни ўзлари учун "ҳеч қандай асоратларсиз" тарк эта олмасликларига ваъда бермоқда. 

"Компаниялар АҚШни ўзлари учун асоратларсиз тарк эта олмайдилар. Бу бўлмайди. Биз бундан жуда кўп йўқотмоқдамиз!" деб айтди Трамп Индианаполисдаги нутқида. 

"Улар (компаниялар) шуни билишлари керак-ки, биринчидан, биз улар билан яхши муомалада бўламиз, иккинчидан эса, агар улар бизнесларини хорижга ўтказсалар бунинг асоратлари бўлади. Жумладан, чегарада катта солиқлар бўлади", деб айтди Трамп АҚШдан ташқарида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учун солинадиган солиқларни назарда тутиб.

Унинг айтишича, АҚШда ишлаб чиқаришни сақлаб қолиш учун ҳукумат солиқни 35 фоиздан, эҳтимол, 15 фоизгача туширади ҳамда тартибга солиш чораларини камайтиради. Трамп бу ҳақда сайловолди кампанияси вақтида айтганди.

Трамп Индиана штатига 1 декарбда келди, бу ерда аввалроқ Carrier компаниясида кондиционерлар ишлаб чиқарилишининг штатда сақлаб қолиниши айтилганди. Трамп буни фаол қўллаб-қувватлаган.

Штатда ишлаб чиқаришни сақлаб қолиш америкаликлар учун мингдан кўпроқ иш ўрнини сақлаб қолади. Бундан аввал компания ишлаб чиқаришини Мексикага кўчирмоқчи бўлганди, бироқ Трамп жамоаси, жумладан вице-президент Майк Пенс билан музокаралардан кейин ўз қарорини қайта кўриб чиққан ва АҚШни тарк этмасликка қарор қилган. Бунинг ўрнига компания яқин 10 йил учун 7 млн доллар миқдорида бир қатор солиқ имтиёзлари олади.

АҚШда иш ўринларини сақлаб қолиш ва ишлаб чиқаришнинг хорижга кўчирилишининг олдини олиш Трампнинг сайловолди кампаниясининг бош мавзуларидан бири бўлган. Трамп АҚШга иш ўринларини қайтариш учун Транстинч океан савдо келишувидан воз кечмоқчи ва АҚШ иқтисодиёти учун анча муҳимроқ бўлган Шимолий Америка эркин савдо келишувини қайта қўриб чиқмоқчи. Бироқ Трамп танқидчилари АҚШ ривожланаётган давлатлардаги маошлар билан рақобат қила олмаслигини айтмоқдалар.