Номоддий маданий мерос бўйича Ҳукуматлараро Қўмита 1 декабрда палов билан боғлиқ анъаналарни ЮНЕСКО номоддий маданий мероси рўйхатига киритди. 

Қўмитанинг навбатдаги йиғилиши Аддис-Абебада (Эфиопияда) 28 ноябрдан 2 декабрга қадар бўлиб ўтмоқда.  Йиғилиш давомида палов билан боғлиқ анъаналарни ЮНЕСКО номоддий маданий мероси рўйхатига киритиш ҳақида қарор қабул қилинди. 

Палов - ўзбек ошхонасининг энг катта ютуқларидан бири ва аҳолининг севимли таоми. Ўзбек ошхонасининг кўп асрлик ривожи давомида палов тайёрлашнинг ўнлаб усуллари пайдо бўлди. 

Ҳар бир минтақа ўзига хос палов тайёрлаш усулига эга. Ўзбекистондаги оилаларнинг аксариятида нафақат ўзбек миллати вакиллари, балки шу ерда яшовчи бошқа миллат вакиллари ҳам ҳеч бўлмаганда ҳафтада бир марта (кўпинча пайшанба куни) палов тайёрлашади. Бу ўзига хос анъанага айланган.