Ўзбекистоннинг умумтаълим мактабларида Конституциянинг 24 йиллигига бағишлаб тадбирлар ўтказилмоқда

Жамият 02 Декабрь 2016 2609

Умумтаълим мактабларида жорий йилнинг 15 ноябридан – 15 декабрь кунига қадар “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати” шиори остида ҳуқуқий ва маънавий-маърифий тадбирлар ойлиги ўтказилмоқда. Бу ҳақда Халқ таълими Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Айни кунда, 193 нафар ҳудудий халқ таълими бошқарув органлари ходимлари, ХТХҚТМО институтлари профессор-ўқитувчилари ва малакали мутахассислардан таркиб топган доимий фаолият юритувчи ҳудудий тарғибот гуруҳи аъзолари таълим муассасаларида ва аҳоли ўртасида “Инсон, унинг қадр-қиммати, ҳақ-ҳуқуқи олий қадрият” мавзусида тарғибот ишларини режа асосида олиб бормоқда.

Шу билан бирга, таълим муассасаларида ўқувчиларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш ва олган билимларини мустаҳкамлаш мақсадида тегишли дарсларда, “Эрталабки сафланиш” ва “Тарбиявий соат”ларда ҳамда педагог ходимлар учун “Маънавият соати” тадбирларида “Конституцияни ўрганамиз”, “Конституция - менинг тақдиримда” мавзуларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, очиқ мулоқотлар ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

Қолаверса, барча таълим мусассасаларида ўқувчилар ўртасида “Ўзбекистон келажаги баркамол авлод қўлида”, “Инсон ҳуқуқлари – энг олий қадрият”, “Конституция – тараққиётимиз пойдевори”, “Конституция – менинг ҳуқуқ ва бурчларим“, “Конституция ва ҳуқуқий маданият”, “Конституция – равнақимиз қомусидир” мавзуларида иншолар танловлари ўтказилмоқда. Ғолиблар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланмоқда.

Шунингдек болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари масъуллигида Конституция кунига бағишлаб ўқувчилар ва ўқитувчилар ўртасида спортнинг 14 тури бўйича турнирлар ўтказилмоқда.

Шунингдек, Республика таълим маркази томонидан жойларда ўқувчилар ўртасида “Конституция – бахтимиз пойдевори” республика кўрик-танловининг қуйи  босқичлари ўтказилмоқда.

Бу каби тадбирлар аниқ мақсадга эга, қатъиятли фарзандларимиз сафини кенгайтириш, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Узлуксиз таълимнинг бошланғич бўғиниданоқ болаларимизнинг ҳуқуқий саводхонлиги шаклланиб бораётгани, ёшларимизнинг ўз конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини, оила, жамият ҳамда давлат олдидаги бурч ва мажбуриятларини билиши учун ҳар томонлама кўмаклашилаётгани айни муддаодир.

 

Кўпроқ янгиликлар