2016 йил ноябри Россия ва бошқа бир қатор давлатларда энг совуғи бўлди

Жамият 03 Декабрь 2016 9588
Фото: ТАСС

Россияда 2016 йил ноябри 21-асрдаги энг совуғи бўлди. Бундай совуқ ноябрь Россияда 2000 йилдан бери кузатилмаганди. Бундан Россия Гидрометцентри томонидан ўтказиладиган иқлим мониторинги маълумотлари гувоҳлик бермоқда.

"Совуқ ҳаво мамлакатнинг ғарбий чегарасидан Охота денгизигача бўлган деярли бутун ҳудудини қамраб олди", дейилмоқда хабарда. 

Урал ва Ғарбий Сибирда ноябрдаги ўртача ҳаво ҳарорати меъёрдагидан 4-6 градус пастроқ бўлди. Приморьеда жорий ноябрь 1891 йилдан бери олиб борилаётган метеокузатувлар тарихидаги учинчи энг совуқ ноябрь бўлди, Уралда эса бундай совуқ ноябрь охирги марта 1987 йилда кузатилганди.

Поволжье ва Шимолий Кавказда, Урал ва Сибирда, Ёқутистон ва Сахалинда ҳаво ҳароратининг энг паст кўрсаткичларининг янги рекорди қайд қилинди. Фақатгина Россиянинг Арктикадаги қисми ноодатий илиқ ҳаво ҳукмида бўлди. У ерда меъёрдагидан 6-12 градус илиқ бўлди.

Ноябрдаги совуқ ҳарорат нафақат Россияни, балки Шарқий яримшарнинг анчагина қисмини қамраб олди. Шимолий Европа, Ўрта Шарқ ва Марказий Осиёда ноябрдаги ўртача ҳаво ҳарорати меъёрдагидан паст бўлди. Рекорд даражадаги совуқ ҳарорат Ўзбекистон, Чехия,  Қозоғистон, Туркманистонда қайд этилди    

АҚШ ва Канада жойлашган Ғарбий яримшарда, аксинча, ҳаво ҳарорати ноябрда меъёрдагидан 4-8 градус илиқроқ бўлди. Бу икки давлатда жорий ноябрь улар тарихидаги энг илиқ ноябрь бўлди.

 

Кўпроқ янгиликлар