Дания ҳукумати аввал қабул қилинган қарорларга кўра, декабрь ўрталарида халқаро коалициянинг ИШИДга қарши курашида иштирок этаётган ўз қирувчи ва транспорт самолётларини ортга чақиртириб олади ва шу билан бирга Ироққа муҳандислик ва қурувчилик ишларида маслаҳат бериш билан ёрдамини кенгайтиради. Бу ҳақда Дания ҳукуматининг матбуот учун берган хабарида айтиб ўтилди

Аввалроқ ОАВ Дания ҳукумати 17 сентябрда суриялик ҳарбийларга берилган авиазарбадан кейин ИШИДга қарши операцияда иштирок этаётган 7 та F-16 самолётини чақиртириб олишни режалаштираётганини маълум қилганди.  

"Дания коалицияга янги кўмак таклиф қилмоқда, шу тариқа маслаҳат ёрдамини 150 га яқин мутахассис амалга оширади. 2017 йилда ҳукумат коалицияга кўрсатаётган ёрдамини сақлаб қолади, бироқ режалаштирилгандек, авиацияни ортга чақиртириб олади", деб айтди Дания ташқи ишлар вазири Андерс Самуэльсен.

Дания парламенти Ироқ ва Сурияга 7 та қирувчи ва битта транспорт самолётини юбориш ҳақидаги қарорни 2016 йил апрелда бу миссия камида 6 ой ичида тугашини ҳисобга олган ҳолда қабул қилганди. Бундан ташқари, Дания Ироқнинг жангарилардан озод қилинган ва Суриядаги мухолифат кучлари назоратида бўлган ҳудудларга фуқаролик кўмагини амалга оширади.