Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонга янги иккита қароргоҳ қуриш режалаштирилмоқда. Уларнинг бири Қўрғонтеппа, бошқаси эса Кўлобда жойлашади.

Бундай қарор Тожикистон ҳукумати томонидан қабул қилинган. Унда айтилишича, “Тожикистон Республикаси президентининг Қўрғонтеппа шаҳридаги қароргоҳи” ва “Тожикистон Республикаси президентининг Кўлоб шаҳридаги қароргоҳи” Давлат унитар корхоналари ташкил этилади.

Ҳужжат ТР ҳукумати раиси Эмомали Раҳмон томонидан жорий йилнинг 12 ноябрь куни имзоланган. 

ТР президенти девонига эса икки ойлик муддат ичида ташкилий-ҳуқуқий масалаларни ҳал этиш юклатилди.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Тожикистон президентининг ҳозирча ягона расмий қароргоҳи – “Миллатлар қасри” бўлиб, у Душанбе шаҳрида жойлашган.

Бу иншоот ўтган йили дунёнинг энг чиройли президент қароргоҳлари рейтингида иккинчи ўринни эгаллаган. У фақатгина Оқ уйга имкониятни бой берди.

Эслатиб ўтамиз, “Миллатлар қасри”нинг қурилиши 2000 йилда бошланган бўлиб, 2008 йилда ўз якунига етди. Қароргоҳ 280 дан зиёд хонага эга бўлиб, умумий майдони 9 минг квадрат метрга тенг.