Халқаро автомобиль федерацияси (FIA) Венадаги тантанали кечада автоспортда 2016 йил якунларини сарҳисоб қилди ва ўз синфидаги машиналарда пойгаларни ютган пойгачиларни мукофотлар билан тақдирлади. Бу ҳақда FIA матбуот хизмати маълум қилди. 

Кечанинг бош мукофоти "Формула-1" пойгасининг жорий мавсумини ютган Нико Росбергга топширилди. Бундан аввал Росберг пойгани тарк этишини маълум қилганди.

"Бу йил мен учун оғир йил бўлди, ахир мен ўзимдаги борини бунга бердим. Мен болаликдаги орзуимга эришдим, кейин эса юрагим менга тўхташ ва ўзимни бошқа нарсага бағшида қилиш вақти келганини айтди", деб айтди пойгачи маросимда.

Шунингдек, "Ред Булл" жамоаси пойгачиси Макс Ферстаппен кетма-кет иккинчи йил "Йил шахси" деб топилди ва "Йил ҳаракати" йўналишида мукофот олди. Пойгачи бу мукофотни Бразилия Гран-присида ҳўл трассада Росбергдан ўзиб кетгани учун олди.

Йилнинг янги пойгачиси 18 ёшли швед Кевин Хансен бўлди, у жорий йилда ралли-кросс бўйича Европа чемпионатининг "Суперкар" йўналишида ғолиб бўлди. Шунингдек, ралли бўйича 4 карра жаҳон чемпиони Себастьян Ожье ва унинг штурмани Жульен Инграссия ҳам мукофотландилар.