Хитойнинг Huawei компанияси Японияда аккумуляторларга бағишланган 57-симпозиумда инновацион батареясини тақдим этди. У Watt Laboratory олимлари томонидан ишлаб чиқилган. Батареянинг хизмат қилиш муддати ҳозирги турдош маҳсулотлардан икки марта кўпроқ, бундан ташқари, юқори ҳароратга анча чидамли, дея таъкидламоқда ишлаб чиқарувчи. 

Янги литий-ионли батареяларда графендан фойдаланилган. У аккумуляторни совутиб, қурилмани қизиб кетишдан асрайди. 

Аксарият замонавий батареялар Цельсий бўйича 50 даражагача бўлган шароитларда анча самарали ва хавфсиздир. Huawei аккумуляторларини эса 60 даражалик ҳароратда ҳам бехавотир қўллаш мумкин. 

Бундан ташқари, электролитга махсус модда қўшилган бўлиб, у юқори ҳароратда буғланиб кетмайди. Шу билан бирга, катод ва анод конструкцияси ҳам такомиллаштирилган.

Синовлар шуни кўрсатдики, янги батарея юқори ҳароратда турдошларига қараганда 5 фоиз совуқроқ бўлган. 60 ҳароратда 2 минг марта қувватланганидан сўнг, графенли батареянинг 70 фоизи ўз кучини сақлаб қолган. Аккумулятор айни ҳароратда 200 кунга қолдирилганда эса, қувватининг 13 фоизини йўқотган холос. 

Huawei вакилларининг уқдиришларича, янги маҳсулотдан дронлар, электромобиллар ва бошқа қурилмаларда фойдаланиш мумкин. Уни иссиқ иқлимли мамлакатларда қўллаш фойдалидир. 

Huawei, шунингдек, тезкор қувватлашнинг янги технологиясини ҳам намойиш этган. унинг ёрдамида 3000 мАс ҳажмли батарея 5 дақиқада 48 фоизга тўлдирилди.