Ҳиндистон ҳарбий-денгиз кучлари авиаташувчи кемаларда янги Tejas қирувчи самолётларини тортиш кучининг оғирликка талабларга мос келмаслиги сабабли қўллай олмайдиган бўлди. Бу ҳақда Ҳиндистон ҳарбий-денгиз кучлари штаби бошлиғи Сунил Ланба 3 декабрда маълум қилди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги. 

Адмирал Tejas кемадан тўлиқ бак ва қурол билан уча олмаётганини ва Ҳиндистон энди Россиядан сотиб олинган МиГ-29К самолётларига қўшимча равишда бошқа самолётлар излаётганини айтган. "Агар бутун дунё бўйлаб қаралса, танлов унча ҳам каттамас, бизга эса авиаташувчи кемалар учун самолётлар иложи борича тезроқ керак", деб айтган Ланба.

Унинг айтишича, бу муаммо 5-6 йил ичида ҳал қиниши керак, чунки бу муддатдан кейин Ҳиндистон ҲДК янги "Викрант" авиаташувчи кемасини ўз ихтиёрига олади.

2015 йилда Россиянинг ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича федерал хизматидаги манба "Викрант"нинг авиацияси Россиянинг МиГ-29К/КУБ қирувчи самолётлари ва Ка-31 вертолётлари билан таъминланишини айтганди. Шунингдек, кема авиацияси таркибига 14 та Tejas самолёти ва 10 та вертолёт кириши кутилганди.

Биринчи Tejas Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучларига 2015 йил январида  топширилган. Унинг ишлаб чиқарилиши 1983 йилда бошланган ва тахминан 140 млрд рупийга (2 млрд доллар) айланган.