Ўзбекистонга хорижий кузатувчилар ва журналистларнинг ташрифи давом этмоқда. Мамлакатимизга ташриф буюрган яна бир хорижий ҳамкасбимиз Мисрдаги йирик Al-Ahrom газетаси бош муҳаррири Маҳмуд Саад Диаб. У Ўзбекистонда кечаётган сайлов жараёни ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

“Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Шарқ ва Ғарбни боғлаш сиёсати, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳаларда амалга оширган ютуқларини Ватанимдан туриб, доим кузатиб, ўз мақолаларимда ёритиб борганман.

Ўзбекистондаги сайлов жараёнини кузатиш учун таклиф этилганимдан мамнунман. Ўз юртимга боргандан кейин ўзим гувоҳи бўлган жараённи кенг ёритмоқчиман.

Мамлакатингизда бўлиб ўтаётган ҳозирги сиёсий жараённинг мукаммал даражада ташкил этилганлиги мени қувонтирди. Айниқса ушбу жараёнда журналистларга яратилган шароитлар ва ҳамкасбларимнинг ундаги фаоллиги таҳсинга сазовор.

Бу йилги сайловлар аввалгиларидан ҳам очиқ ва эркин тарзда ўтишига ва халқ ўзи ишонган муносиб номзодга овоз беришига ишонаман.

Сайлов жараёнини ёритиш бўйича ташкил этилган пресс-клубга ташриф буюрганимда бу ерда чет элдан келган биз каби журналистлар учун катта имкониятлар яратилганлигига гувоҳ бўлдим. Интернетга уланган компьютерлар орқали ҳар бир журналист ўз фикр ва таассуротларини дунёга ёйиш имконига эга.

Ростини айтсам, яқинда ўтган Америкадаги Президент сайлови жараёнида ҳам бу ердаги ҳолатни кузатмагандим.”