Таиланднинг Сринакаринвирот университетида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Президент сайловига бағишланган семинар ўтказилди.

Бангкокда 1949-йилда ташкил топган Сринакаринвирот университети Таиланд ҳамда Осиё ва Тинч океани минтақасининг энг етакчи олий ўқув даргоҳларидан бири саналади. Бугунги кунда 25 мингдан зиёд талаба таҳсил оладиган мазкур университет педагогика, тиббиёт, фармацевтика, муҳандислик, иқтисод, сиёсатшунослик, янги технологиялар ва туризм соҳаларига мутахассислар етиштириб беради.

Тадбир чоғида йиғилганларга мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий тадбирга тайёргарликнинг бориши, миллий сайлов тизимининг ўзига хос жиҳатлари, меъёрий-ҳуқуқий асослар, юксак давлат раҳбари лавозимига номзодларнинг сайловолди дастурлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шу билан бирга, учрашув қатнашчилари мамлакатимизнинг барча соҳаларда эришган муваффақиятлари ҳамда бутун дунёда эътироф этилган тараққиётнинг ўзбек модели тамойиллари билан танишдилар.

Семинар доирасида Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси ва сайёҳлик имкониятлари, шунингдек, бўлиб ўтадиган Президент сайловига бағишланган стенд ташкил этилди.

Сринакаринвирот университетининг халқаро масалалар бўйича вице-президенти Прит Супасетсири Ўзбекистон ҳақидаги фойдали маълумотлар учун тадбир ташкилотчиларига ўз миннатдорлигини билдирди ҳамда мамлакатимизда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади.

Шунингдек, П.Супасетсири ўзбек халқининг буюк мутафаккирлари ва атоқли олимларининг дунё илм-фани тамаддунига қўшган беқиёс улушини алоҳида қайд этди.

Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилиги умумеътироф этилган демократик меъёрлар ва андозаларга тўла мос келишини таъкидлар экан, мамлакатимиз халқига Президент сайловини муваффақиятли ўтказишда омад тилади.

Манба: jahonnews.uz