Рашк – неъматми ёки иллат?

Жамият 03 Декабрь 2016 24731

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ рашк қилади. Мўмин ҳам рашк қилади. Аллоҳнинг рашки – мўминнинг Аллоҳ харом қилган нарсасини қилмоғидир”, дедилар”. Термизий ва Бухорий ривоят қилишган.

Рашк аслида шерикчилик мумкин бўлмаган нарсага шерикчилик қилиш оқибатида ҳақ эгасининг ғазаби қўзишини англатади. Кўпроқ эр-хотиннинг бир-бирини бошқалардан қизғанишини рашк деб аташ одатга айланган (“Зикр аҳлидан сўранг”, 3-жуз).

Аллоҳ таоло ер юзида не турли мавжудотларни яратган бўлса, уларнинг ҳар бирига турли салбий ва ижобий ҳислатларни ҳам жамлаган. Ана шундай, ҳам салбий, ҳам ижобий деб ҳисоблаш мумкин бўлган ҳислатлардан бири – ўзиникини қизғаниш ҳисси бўлиб, у инсонда ҳам, бошқа мавжудотларда ҳам бор. Бу ҳисни инсонларга хосланганда уни “рашк” деб номланади. Қарангки, аксар жонзотлар ўз маконини, жуфтини ва болаларини қизғанади. Бу йўлда улар ҳалокатга учрасаларда, ўзи кабиларни ва бошқа турдаги жонзотларни йўқ қилишга ҳам тайёр бўладилар. Чунки, уларда мақсадга эришиш ҳисси кучли бўлиб, ҳайвонийлик ҳиссини жиловлаш учун ақл бўлмайди. Ҳамма гап ҳам ана шунда, яъни инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган бош мезон ақл ҳисобланади. Модомики, ақл Аллоҳ таоло берган имон билан суғорилган бўлса, инсондаги рашк туйғусини жиловлаб туради.

Қалб кўзининг заифлигидан ёки умуман ожизлигидан, аслида, ижобий ҳис саналган рашк ҳам ҳозирги кунда салбий иллатга айланиб бормоқда. Унинг меъёри бузилиши оқибатида қанчадан-қанча келишмовчиликлар бўлаяпти, муносабатларга дарз кетаяпти, меҳр-оқибат кўтарилиб, натижада оилаларнинг бузилишига олиб келаяпти. Келинг, бир фикр юритиб кўрайлик. Нима учун рашкни ижобий ҳислат деб санаяпмиз? Рашк – бу инсоннинг бир-бирига қай даражада қадрли эканлигини, эъзозини ва иккинчи томоннинг ҳаётида тутган ўрнини белгилаб берувчи восита, яъни ёқимли ҳис саналади, аслида. Чунки, инсон жуфтини қизғаниши билан унга бўлган эътиборини ва меҳрини ифода этади.

Рашк каби икки жуфтнинг ўртасида кечадиган ҳислар самимий ва аслича бўлиши учун, авваламбор, икки жуфтнинг муносабати ишонч, самимийлик пойдеворига барпо этилган бўлиши керак. Тасаввур қилинг, бир-бирига аслида ишонмайдиган ва шубҳа билан қарайдиган икки жуфт ўртасида қандай рашк бўлиши мумкин? Кундалик ҳаётимизда турли оилавий жанжалларга сабабчи бўлаётган низолар, бақир-чақирлар, икки жуфтнинг бир-бирини турли бўлмағур ишларда айблашлари, аёл эрини ҳурмат қилмайдиган, эркак аёлини эъзозламайдиган муносабат – бу рашкми? Асло! Бу аслида оилада ўз ўрнини йўқотган эркак ва аёлнинг рақобатига, бир-бирига ким зўрлигини кўрсатиш борасидаги мусобақага ўхшайди, кўпроқ. Бу жанжаллашаётган икки шахснинг ўртасида бир-бирига рўкач қилаётган фидойилик у ёқда турсин, бироз бўлсада илиқлик борлигига шубҳа қиласиз. Улар баъзида бу ролга шу даражада киришиб кетадиларки, оилавий мустаҳкамликни асраш каби ниятдан асар ҳам қолмайди, балки мақсад фақат ғолиб бўлиш бўлади. Оқибатида, вазият янада чигаллашади, жуфтлар янада бир-бирларидан узоқлашадилар ва кейинги жангга тадорик кўрилади.

Энди, рашк билан боғлиқ ҳолатни бошқа томондан олиб қарайлик. Аслида, у қандай намоён бўлиши керак эди. Аллоҳ таоло ҳеч бир ҳисни бандасига ҳидоятдан узоқлашиши учун бермаган. Ҳар бирини англаш ва тўғри талқин этиш учун биз юқорида зикр этган қалб кўзи – имон йўл бошлайди. Тасаввур қилайлик, оилада икки жуфт, авваламбор, Аллоҳга таваккул қилади, унга имон келтирган ҳолда, ўз жуфтига ишонади ва эъзозлайди.

Назаримизда, рашкнинг нотўғри йўналиш олишига асосий сабаблардан бири – оиладаги тарқоқлик ҳисобланади. Ҳамма аравани ўзича тортади. Ўртада уйғунлик, бир-бирига суяниш ва оқибат йўқолгани сари, аёллар оилада аёллик ўрнини йўқотиб бораётгани (пул топадиган аёлларнинг кўп масъулиятни ўз бўйниларига олиб юбораётганликлари ва аксинча, уй бекаларининг ўзи куни билан уйда ўтираверганидан, ҳар куни кўчага чиқиб келадиган эрга нисбатан шубҳада бўлишлари) ва эркакларнинг оила бошиликни нисбатан аёлларга бериб қўяётганликлари ўзаро мутаносибликнинг йўқолиб боришига олиб келаяпти.

Рашк фақат жуфтга бўлган эътиборнинг ифодаси кўринишида ва уни ҳаромдан сақлаш мақсадида бўлиши керак. Яъни, аёллар, бутун кунини уй ишлари билан ўтказиб тиним билмайдиган уй бекаси бўладиларми ёки умр йўлдоши қаторида баробар меҳнат қиладиган ишли аёл бўладиларми, авваламбор, ўзларининг нафис аёл, вафоли ёр, муштипар она эканликларини унутмаган ҳолда, умр йўлдошларидан ва оиланинг бошқа аъзоларидан заррача эътиборларини ва ширин сўзларини дариғ тутмасалар нақадар яхши! Меҳр кўзда, дейдилар. Ўртада уйғунлик, ҳамжиҳатлик ва якдиллик бўлса, яъни оилада бир томонда, аёли томонидан эътибор ва ғамхўрликка кўмилган эркак ва иккинчи томонда, ўз жуфтига кераклигини ҳис қилиб, бунинг натижасида гулдек очилиб бораётган аёл ўртасида ноўрин рашкка ўрин қолармикан. Авваллари шубҳа ва гумонлар оқибатидаги жанжалларга қаратилган эътибор ва куч энди меҳрга, ғамхўрликка ва самимийликка сарфланади. Чунки ҳаётимизда айрим аёллар турмуш ўртоқларидан ноўрин шубҳаланиб, телефонлари, ёзишмалари, ижтимоий тармоқдаги фаолиятларини “текшириб чиқадилар”. Нотаниш рақам, тушунарсиз ибораларни кўриб жанжал чиқарадилар. Натижада эркак ўзининг ҳамкасби, яқинлари, қариндош аёллари, қўйингки, сотувчи хола билан ҳам гаплашишга қўрқиб қолади ва яширин иш қилишга ўтади. Аммо ҳамма эркаклар ҳам тўғри, ҳалол яшамасдан, номаҳрам аёллар билан telegram, what’sapp, imo, facebook каби ижтимоий  тармоқларда яширинча дўст орттирадилар. 

Худди шу каби баъзи эркаклар ҳам аёлларини ноўрин рашк қилиб, ҳаттоки жисмоний зарар, тан жароҳати етказишгача борадилар. Аёлга хулқи ёмон бўлса, одоб бериш керак, аммо садоқатли, вафодор аёлни нега фалончи билан гаплашдинг? Нега фистончи сенга ундай қаради? Дўконга ҳам чиқма! - дея дўппослаб кетиш, ёмон сифатлар ила сифатламаслик лозим. Ҳар не бўлганда ҳам хоҳ эр, хоҳ хотин жуфтини рашк қилар экан, меъёрни йўқотмаслиги, зулмга йўл қўймаслиги, муаммони жанжал ила ҳал этмаслиги лозим.  

Аллоҳ таоло жуфтларга рашкни бир-бирларидан кир ахтариш учун эмас, балки бир-бирларини Ўзи ҳаром қилган нарсалардан ва ишлардан сақлашлари ва огоҳ бўлишлари учун берган. Эр-хотин оилада, хоҳ у шахсий, хоҳ оилага тегишли муаммо бўлсин, ҳамжиҳатликда бўлсалар, икки киши бир-бирига кераклигини ва муҳтожлигини ҳис қилиб яшаса, шунинг пойдеворида ўртада ўзаро ишонч ва мутаносиблик пайдо бўлади. Бунинг натижасида рашк ҳам ёқимли туйғуга айланади.

Саодат ВАЛИЕВА,
“Хадичаи Кубро” ўрта махсус 
ислом билим юрти ўқитувчиси
Манба: Ўзбекистон Мусулмонлари идораси расмий веб портали

Кун янгиликлари
Ёдгор Саъдиев мудраган ижод аҳли, тирикчиликка айланган ижод, ёш актрисалар ва тўйлар ҳақида 
10:33 / 22.08.2017 72116 Маданият
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 37430 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 21696 Жамият
Халқ таълими вазири билан очиқ суҳбат: янги вазирлик, 10-синф, пахта терими, коррупция ва йиғди-йиғдилар
23:29 / 20.08.2017 81691 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 62041 Жамият
Forbes: Бой бўлишдан уялмаган Малкольм Форбс
01:13 2045 Lifestyle
Зидан ҳеч қандай музокараларсиз «Реал» билан шартномани узайтиради
00:53 1382 Спорт
Бразилияда бортида 70 киши бўлган паром чўкиб кетди
00:20 1155 Жаҳон
Германиядаги йўл-транспорт ҳодисасида 44 руминиялик жабрланди
00:17 489 Жаҳон
Шаҳзодалар Уильям ва Ҳарри “Юлдузли жанглар” фильмининг янги қисмида суратга тушишди
23:44 / 23.08.2017 853 Маданият
Кўпроқ янгиликлар