Сохта муҳр тайёрлаган йигит фош этилди

Жамият 03 Декабрь 2016 5944
Фото: Getty Images

Урганчлик Муҳриддин Олимов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Украинанинг Днепропетровск шаҳридаги тиббиёт институтига ўқишга кирди. Аммо бир йил ўтмаёқ имтиҳонларни ўз вақтида топшира олмай талабалар сафидан чиқарилди. Буни эшитган ота-онаси ундан қаттиқ ранжишди, албатта, деб ёзади “Постда” газетаси.

Муҳриддин Украинага бориб, бир амаллаб ўқишини тиклади. Орадан бир ойлар ўтгач эса, паспортидаги Ўзбекистондан чиқиш ва Украинада бўлиш муддатлари тугади. Шу боис давлат чегара хизматига бориб, кириш-чиқиш муддатларини узайтириб келиши лозим эди. Бу пайтда отаси катта новвосни сотиб берган пулининг ҳам таги кўриниб қолди. Бунинг устига яшаётган уйининг ижара пулини ҳам тўлаши керак. Шу пайт миясига келган фикрдан суюниб кетди.

Муҳриддин ўша куни дўконга борди, керакли нарсаларни харид қилди ва икки кун хонадан чиқмади. Буни кўрган хонадон эгаси хавотирланиб, эшикни тақиллатди. Муҳриддин унга дарс қилаяпман, имтиҳон яқин, деди. 

Хонага кирган уй эгаси хавотири ўринсиз эканига ишонч ҳосил қилиб, чиқиб кетади. Бу пайтда Муҳриддин ясаган муҳрлар тайёр бўлганди. У яна эшикни ёпиб олди ва ўта эҳтиёткорлик билан паспортига Ўзбекистондан чиқиш ва Украинага кириш ҳуқуқини берадиган чегара муҳрларини босди, муддатларни ёзиб, жимжимадор қилиб имзо чекди...

Муҳриддин ёзги таътилда ота-онасининг олдида бўлиш учун самолётда Тошкентга учди. Ўзга давлатдагилар сохта муҳрларни пайқамагани учун бу ердан ҳам бемалол ўтиб кетаман, деб ўйлаган Муҳриддин бекорга суюнганини тезда тушуниб етди. Пойтахт аэропорти ходимлари унинг паспортидаги муҳрларни бир кўришдаёқ сохта эканини аниқлашди. Текширув давомида муҳрлар қалбаки эканлиги исботланди.

Кўпроқ янгиликлар