2017 йилда НАТО саммити кичикроқ доирада ўтади, унинг бош мақсади НАТОга аъзо давлатларнинг АҚШнинг янги президенти Дональд Трамп билан танишуви бўлади, деб айтди НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.

Аввалроқ альянс навбатдаги саммитни Брюсселдаги янги бош-қароргоҳида ўтказиш қарорини қабул қилганди.

"Бу кичикроқ доирадаги саммит бўлади, у янги президент Дональд Трампга НАТО билан учрашишга имкон беради. Бизда бунга ўхшаш учрашув 2001 йилда, АҚШ президенти Буш бўлганда ўтганди, биз бу бинода кичик саммит ўтказгандик. Шундай учрашув яна 2009 йилда ҳам бўлган", деб айтди Столтенберг журналистларга.

Столтенберг саммит айнан қачон ва қандай шаклда ўтказилишини айтишга ҳали барвақт эканини айтди.

"Бироқ, бу саммит кичик сондаги учрашувлар билан ўтиши эҳтимоли бор, чунки унинг асосий мақсади НАТОнинг АҚШнинг янги президенти билан учрашуви бўлади", деб таъкидлаб ўтди НАТО раҳбари.