Умид Тўрахонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) етти-саккиз йилдан буён мактабда ҳисобчи бўлиб ишлайди. Кейинги йилларда нафс балосига йўлиқиб, бировнинг ҳақини ўзлаштиришга берилиб кетди. Бунда унга ходимларнинг пластик карточкалари қўл келди. Дастлаб ўз пластик карточкасига ҳар ойда ортиқча пул ташлашни бошлади. Натижада 2013-2015 йиллар мобайнида 11 млн. сўм маблағни ўзлаштириб юборди, деб хабар беради “Ҳуқуқ” газетаси.

У нафақага чиққан ўқитувчиларнинг пластик карточкаларини ўзида сақлаб юргани ҳам бежиз эмасди. Уларга рўйхат бўйича иш ҳақи ёзиб борди. Йиллар давомида бу маблағлар унинг жиғилдонидан жой олаверди. Жумладан, Нигора Жўраева номига 21 млн. 410 минг сўм, Шаҳноза Амонова номига 20 млн. 803 минг сўмни ўтказиб юборди. Бундан ташқари, ишдан бўшаб кетган собиқ ўқитувчи Муҳтарама Бекназарованинг пластик карточкаси ҳисобига 2 млн. 656 минг сўм соф фойда келтирди.

Ҳисобчининг самарали “фаолияти” давомида 49 млн. 63 минг сўм маблағлар ўзлаштирилиб, талон-торож қилинди.

Вақти келиб ҳисобчининг найранглари фош бўлди. Суд Умид Тўрахоновни айбига яраша жазолади. Шунингдек, у тергов мобайнида зарарни тўлиқ қоплади.