Жаҳон иқтисодиётига таҳдид — кучли доллар!

Иқтисодиёт 03 Декабрь 2016 54802

Ўйлаб кўрганмисиз, нима учун Америка валютаси қадрининг ортиши дунёнинг барча мамлакатлари учун таҳдид солади?

Кузатиб бораётган бўлсангиз, Дональд Трампнинг президентлик сайловида ғалаба қозонганидан кейинги 3 ҳафта мобайнида Америка миллий валютаси катта суръатда кучайиб бормоқда. Доллар ривожланган мамлакатлар валюталари саватчасига нисбатан 2011 йилда қайд этган энг қуйи кўрсаткичидан 40 фоиз юқорига кўтарилиб олди. У, шунингдек, ривожланаётган иқтисодиётлар пул бирликларини ҳам мағлуб этмоқда. Хусусан, Хитой юани 2008 йилдан буёнги энг кучли қадрсизланишга дуч келган. Ҳиндистон рупийси ҳам валюта ислоҳоти сабабли долларга нисбатан кескин пасаймоқда. Осиё бошқа валюталарининг долларга нисбатан тутган позицияси ҳавас қиладиган даражада эмас. Бундай жараён 1997-98 йиллардаги молиявий инқироздан сўнг кузатилмаган эди. 

Хитой юани

Таъкидлаш жоизки, доллар бир неча йилдан бери аста-секинлик билан ўз қадрини мустаҳкамлаб бормоқда. Бироқ, охирги ҳафталарда вазиятнинг кескин ўзгариши Америка иқтисодий сиёсатида жиддий ўзгаришлар рўй беришига бўлган умидлар билан боғлиқ, дейиш мумкин.

Сармоядорларнинг аксарияти Дональд Трамп солиқларни камайтиришига, инфратузилмаларга давлат харажатлари ортишига ишонмоқда. Бунинг натижасида,  Федерал захира тизими инфляциянинг олдини олиш мақсадида қайта молиялаш ставкасини оширишга мажбур бўлади. Американинг ўн йиллик давлат облигациялари даромадлилиги сайловлар куни 1,7 фоизга ўсиб, 2,3 фоизни ташкил этди. Юқори фойда кўриш эҳтимоли, маълумки, ҳар доим сармояни жалб этади. 

Аслида, дунёнинг энг йирик иқтисодиётининг ўнгланиши ва тезлик билан ўсишини фақат олқишлаш керакдек. Аммо, Рональд Рейганнинг биринчи президентлик даврида бюджет танқислиги ҳамда юқори фоиз ставкаларига қарамай доллар қимматлашгани бошқа мамлакатлар учун жиддий муаммоларни келтириб чиқаргани молия тарихчиларининг ёдидан кўтарилгани йўқ. 

Албатта, бугунги кун Америка иқтисодиёти, 35 йиллар аввалгига қараганда жаҳон иқтисодиётида камроқ улушга эга. Бироқ, жаҳон молия ва кредит бозорларидаги пул миқдори ҳам шунга яраша ошган, бундан ташқари, АҚШ доллари кўпроқ аҳамият касб этмоқда. Айни шу сабаб, унинг қимматлашуви Америка учун ҳам, дунёнинг бошқа мамлакатлари учун ҳам бирдек таҳликалидир. 

Евро

Сўнгги 20 йилда АҚШ ўз савдо (1994 йилда АҚШ 44 давлатнинг асосий савдо ҳамкори эди, ҳозирда бу рақам 32та давлатни ташкил этади) таъсирини йўқотиб бораётган бўлса-да, доллар ҳамон валюта айирбошлаш ва жамғаришнинг энг яхши воситаси мақомини сақлаб қолмоқда. 2014 йилда АҚШ ва доллар ҳаракатига боғлиқ мамлакатлардан иборат доллар ҳудуди дунёнинг аҳолиси ва ЯИМнинг 60 фоизини ташкил этган эди. 

Долларнинг таъсири кучли эканини бошқа кўрсаткичлардан ҳам билса бўлади. Масалан, охирги йилларда АҚШдан ташқарида долларли молиялаш ҳажми ортган. Ривожланаётган бозорларнинг тараққий этиши баробарида уларнинг долларга бўлган талаби ҳам кучайиб бораяпти. Молиявий инқироздан кейин, Қўшма Штатлардаги фоиз ставкалари тушиб кетди, пенсия жамғармалари эса даромад топиш илинжида бошқа давлатлар, жумладан Мозамбик ва Замбия томонидан чиқарилган долларли облигациялар, ривожланаётган давлатлардаги йирик компанияларга пул тика бошлади.

Турли мамлакатлар Марказий банкларини бирлаштирувчи Халқаро ҳисоб-китоблар банки маълумотларига кўра, ўтган йили бу каби долларли қарзлар 10 трлн долларни ташкил этган. Унинг учдан бири ривожланаётган мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади. Эндиликда, доллар қимматлашганда, қарзга олинган долларни тўлаш ҳам ўз-ўзидан қимматлашади. Аммо, кўнгилсизликлар биргина шу билан якунланса эди!?
 
Гап шундаки, арзон хорижий кредитлар имконияти маҳаллий кредит бозорининг ўсишига олиб келади, сармоя оқимининг кучайиши активлар қиймати ўсишига, бу эса навбатдаги кредитлашга туртки беради. Албатта, ривожланаётган мамлакатлардаги компаниялар томонидан олинган долларнинг барчаси сармояларга сарф қилинган дейиш нотўғри бўлур эди. Пулларнинг бир қисми банкларда сақланмоқда ва кредитлаш ёки бошқа компанияларни молиялаштириш учун ўз вақтини кутиб турибди. 

Доллар қимматлашгани сайин, бу жараён тескари айлана бошлайди. Қарздорлар нақд пулларини кредит тўлашга йўналтириш мақсадида тежашга уринади, капитал оқими тўхтайди, активлар арзонлашади. Натижада, кўпгина мамлакатлардаги кредитлаш шартлари долларга кўпроқ боғланиб қолади. Охирги ойларда Туркия лираси, Бразилия реали ва Чили песоси билан кузатилаётган жараён тасодифан эмас. Бу мамлакатларда долларли қарзлар ҳажми жуда каттадир. 

Аммо, лекин, бироқ...Кучли доллар АҚШнинг ўзига ҳам таҳликалидир: у экспортнинг пасайиши ва импортнинг ўсишига олиб келади. Бу ўз навбатида ташқи савдо танқислигини келтириб чиқаради. Рейган давридаги ташқи савдо танқислиги протекционизм чораларини кучайтиришга асос бўлган эди. Эндиликда, АҚШ кучли доллар томон шундоғам катта дефицит билан кириб келмоқда. Бекорга кучли тадбиркор ва миллиардер бўлган Трамп ўз сайловолди кампаниясида халқаро савдо қоидаларини бошқа мамлакатларга адолатсиз равишда катта устунлик бераётганликда айблаб, танқид қилмаган эди. 

Япон Иенаси

Америка ташқи савдо айланмасида танқисликнинг янада ўсиши АҚШнинг янги президентига ўзининг сайловолди ваъдасини ҳаётга татбиқ этиши учун етарли асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Шу билан у Хитой ва Мексика импортига юқори божхона тўловларини жорий қилиши эҳтимол. Агар шундай бўлса, унинг оқибатлари барча томон учун фалокатли бўлиши аниқ.

Албатта, долларни яқин келажакдаги ҳолатига кўп нарса боғлиқ. Аксарият инвесторлар ижобий фикрда. ФЗТ ҳам ривожланаётган мамлакатлардаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда қайта молиялаш ставкасини кўтармаслиги ҳам мумкин. Аммо, доллардан умуман воз кечиш имконияти яқин орада кўзга ташланмаяпти. Унинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган валюталар, жумладан евро ва юаннинг ўз муаммолари етарли. 

Шунга кўра, Америка қайта молиялаш ставкасининг кўтариш истиқболи АҚШ фонд бозорларига ижобий кайфият улашди, аммо у нақадар узоқ чўзилиши савол остида қолмоқда. 

Жаҳон иқтисодиёти анча заиф, кучли доллар эса, унинг сўнгги имкониятларини ҳам яксон қилиши мумкин. 

Кун янгиликлари
Ўқишга кира олмадингизми? Ташвишланманг, талаба бўлишингиз мумкин 
16:32 / 17.08.2017 56004 Жамият
“Менга ҳаловат йўлини кўрсатинг...”. Тўй қилиб қарзга ботган ота уламоларга юзланди
16:00 / 17.08.2017 32395 Жамият
Parus оилавий марказида хоррор-квестлар, лазерли отишма ўйини ва бошқа янгиликлар тайёрланди. Марҳамат
10:14 / 17.08.2017 4848 Lifestyle
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 16729 Ўзбекистон
Дори қути ортига яширинган сир: тиббиётдаги яна бир "ўйин” фош этилди
17:20 / 16.08.2017 100854 Ўзбекистон
Қўшимча-контракт асосида ўқишни истайдиганлар нима қилиши керак?
Миллий бренд — Fratelli Casa кийимларининг тарихи, бугунги ютуқлари ва келажак режалари ҳақида
11:04 625 Жамият
ОАВ: Россияда пластик пуллар пайдо бўлади
Тошкентда Абдураҳмон Позилжоновнинг янги Qanotchi кафеси очилди
10:54 6576 Жамият
Европа Лигаси. Амалдаги финалчи «Аякс» «Русенборг»га ютқазди, «Атлетик»да иродали ғалаба
10:48 698 Спорт
Кўпроқ янгиликлар