Мирзачўллик Улбўсин Абдураҳмонова ҳеч қаерда ишламасдан, бошқалар бошига оғир кулфат келтириш ҳисобига яшаб келганлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга фуқаролардан келган аризалар бўйича олиб борилган суриштирув-тергов жараёнида маълум бўлди, деб хабар қилмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

Ачинарлиси, унинг бу “касб” ортидан пул топаётганлигини онаси Қаршигул Абдураҳмонова ҳам, турмуш ўртоғи Суннатулло Абсаматов ҳам яхши билса-да, уни бу йўлдан қайтаришмаган. Аксинча, улар ҳам Улбўсин билан ҳамкорлик қилишган.

Улбўсин ўз жиноятини пухта режа асосида амалга оширган. Аввал у одамлар орасида “Қозоғистон Республикасида қариндошларим бор, улар яхши ҳақ тўланадиган иш топиб беришади”, деб гап тарқатади. Тўғри, бугунги кунда одам савдоси ҳақидаги хабарларни эшитиб, кўпчиликнинг кўзи очилган. Лекин Улбўсинга ўхшаган “даллоллар”нинг ёлғон ваъдаларига учганлар ҳам топилди.

Дастлаб у қўйган тузоққа мирзачўллик А.Ачилов, Ж.Туронов, Ш.Туронов, Д.Мелибоев, Ф.Ўринбоев, Ш.Эргашевлар тушишди. Улбўсин уларга Қозоғистонда ойига 300-400 АҚШ долларига тенг миқдордаги иш ҳақи ваъда қилди. Содда одамларнинг унинг ваъдаларига ишонишди.

Сирдарё вилояти орқали чегарадан ўтказиб юборилган мирзачўлликларни Улбўсиннинг “қариндошлари” – Жибек ва Қайратлар кутиб олишди. Улар Ўзбекистон фуқароларининг паспортларини вақтинчалик ҳисобга қўйиш ва федерал миграция картаси очтириш баҳонасида йиғиб олишди. Ўзлари билан ҳеч қандай шартнома тузмай, беш ой мажбурлаб ишлатишди.

Улбўсин биринчи ишидан илҳомланиб, жиноий фаолиятини янада кенгайтирди. У онаси Қаршигул ва турмуш ўртоғи Суннатулло билан бу сафар И.Парманов, Б.Мусаев, А.Мамараҳимовларни тўрига туширди. Улар ҳам қоп-қоп ваъдалар бериб, эски йўналиш бўйича қўшни республикага ўтказиб юборди. Одам савдосининг қурбони бўлган бу фуқаролар ҳам Жибек ва Қайратлар учун текин меҳнат қилишди, хўрлик азобларини бошларидан ўтказишди.

Орадан кўп ўтмай, уларнинг ҳамқишлоқлари Ж.Ўрмонов, Ж.Бозоров, С.Юлдашев ва З.Мелибоев ҳам алдовларга учишди. Афсуски, улар ўша дамда бошларига не-не савдолар тушишидан бехабар эдилар. Улбўсин бу юртдошларининг бошига ҳам аввалги жабрдийдалар кулфати солинишига сабабчи бўлди.

Ҳар қандай алдовнинг ҳам чек-чегараси бўлади. У.Абдураҳмонова бошчилигидаги жиноий гуруҳнинг фаолиятига чек қўйилди. Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судининг мажлисида мазкур иш кўриб чиқилиб, айбдорларга нисбатан тегишли жазо тайинланди.