“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ташаббуси билан «МЕН ОВОЗ БЕРДИМ!»  акцияси давом этмоқда, яъни 18 ёшга тўлган, биринчи марта овоз берадиган ёшлар акцияда иштирок этмоқда. 

“Сайловда биринчи маротаба иштирок этишим, - дейди Элликқалъа санъат ва педагогика коллежи ўқувчиси Жуманиязова Марҳабо. Мен сайловда иштирок этиш орқали ўз хоҳиш-истакларимни эркин билдириб, конституциявий ҳуқуқимдан фойдаландим. Айни пайтда сайлаш ва сайланиш ҳуқуқининг моҳияти, сайлов жараёнларининг ташкил этилиши, бюллетенда танланган номзодни белгилаш бўйича муайян тушунчага эга бўлсам-да, ушбу муҳим сиёсий тадбирда бевосита иштирок этиш менга катта масъулият юклашини яхши англаб турибман.

Биз ёшлар сайловда шунчаки иштирок этмасдан, балки ушбу сиёсий жараёнга онгли ва масъулият билан ёндашишимиз, ҳар бир номзод ва унинг дастури билан яқиндан танишишимиз лозим. Номзоднинг илгари сураётган ғоялари аҳолининг мақсад ва манфаатлари ҳамда хоҳиш-истакларига мос келишини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик зарур”.

Албатта, ёшларимизнинг мамлакатимизда рўй бераётган сиёсий жараёнларга бефарқ эмаслиги уларнинг дунёқараши кенг, ўз фикри ва муносабатига эга, Биринчи Президентимиз орзу қилганидек, том маънода баркамол авлод бўлиб шаклланаётганидан далолатдир. Шундай экан, ўз юрти ва унда юз бераётган ижтимоий - сиёсий воқеаларга бефарқ бўлмаган, ўз тақдирини юрт тақдири билан боғлаган ҳар бир ёш сайловда фаол иштирок этади.

“Камолот” ЁИҲ Элликқалъа 
  туман Кенгаши раиси:   Балтаев Жавлон