Дитер Бранденбургер, Германия – Ўзбекистон дўстлик жамияти вице-президенти:

 

–  Аҳолининг аксарияти сайловнинг муҳимлигини ҳамда овоз беришда қатнашиш зарурлигини теран ҳис этаётгани уларнинг эрта тонгдан бу жараёнда фаол иштирок этишидан маълум бўлди. Ҳар бир фуқаро миллати, дини,  ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга экани жуда эътиборлидир. Бу мамлакатингизда инсон ҳуқуқлари таъминланганидан, ижтимоий тенглик қарор топганидан далолат беради. 

Алиҳейдар Рзаев, «Авиамост» журнали муҳаррири (БАА):

 

– Кўзи ожиз фуқароларга брайль алифбосида сайлов мавзуида рисолалар ва махсус бюллетенлар чоп этилгани, ногиронларга овоз бериш учун кабиналар тайёрлангани таҳсинга лойиқ. Инсонлар оиласи билан байрамона кайфиятда сайловга келди. Улар ўзи ва фарзандлари  келажагини танлаётганини жуда яхши билади.
Журналистлар учун яхши имкониялар яратилган. Ўзбекистон матбуотида эркин фаолият юритилишининг гувоҳи бўлдим. Пресс-клубда ҳамкасбларимиз билан мулоқот қилдик. Бирлашган Араб Амирликларида ташкил этилган сайлов участкасида фаолият юритаётган ходимлар билан ҳам боғланиб турибман. Улар сайлов  очиқ ва ошкора ўтганини маълум қилди. Ўзбекистонга юртимда фаолият юритаётган бир қатор оммавий ахборот воситалари вакиллари келган.

Мухарбек Дидигов, Россия Федерацияси Федерация кенгашининг мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари: 

 

– Ўзбекистон халқи Президент сайловига нафақат мамлакат ҳаёти, балки ўзи ва оиласининг эртанги тақдири учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга катта сиёсий жараён сифатида ёндашаётгани, аввало, кафолатли ва барқарор ҳаёт учун овоз бераётгани таҳсинга лойиқ. Самарқанд, Бухоро ва Тошкент шаҳарларида сайловга тайёргарлик ва сайлов жараёни билан бевосита танишиб, бунда аҳолининг барча қатлами учун тенг ва кенг имкониятлар яратилганига гувоҳ бўлдик.