«Манчестер Сити» жамоаси бош мураббийи Хосеп Гвардиола Англия чемпионатининг 14-турида «Челси»га қарши кечган учрашув охирида юзага келган муштлашув учун узр сўради. У шу билан бирга жамоаси ҳужумчиси Серхио Агуэрони ҳимоя қилиб чиққан.

Шанба куни оқшомида Этиҳад ўйингоҳида кечган учрашувда «шаҳарликлар» жамоасининг 1:3 ҳисобидаги мағлубияти қайд этилди. Ўйин охирида икки жамоа футболчилари Агуэро ва Давид Луиснинг тўқнашувидан кейин оммавий жанжал бошлаганди.

Гвардиола икки футболчисининг четлатилишини ҳам ҳаққоний қарор деб ҳисоблайди. Шу билан бирга унинг фикрича, Агуэро қасддан бундай қўполлик қилган деб ҳисобламайди.

«Ўйин бу тарзда тугагани афсусланарли бўлди. Менга бу каби нарсалар ёқмайди, кечирим сўрайман.

Агуэро Давид Луизни қасддан урди деб ўйламайман. Улар иккиси ҳам бақувват. Кейин Фернандиньо Агуэрога ёрдамга келди.

«Борнмут» билан ўйинда худди шу ишни Нолито қилганида қизил карточка олган ва 3 ўйинга дисквалификация қилинганди. Шунинг учун, Фернандиньо жамоадошини рақибдан ҳимоя қилиш учун етиб келганди.

Мен у билан бу ҳақида гаплашмадим. Агар бу вазият камерага тушган бўлса, нима бўлганини кўрамиз», дея Гвардиоланинг сўзларини келтирган Sky Sports.