Хитой АҚШнинг янги президенти этиб сайланган Дональд Трамп Тайвань президенти Цай Инвэнь билан суҳбатлашгани сабабли АҚШга кескин норозилик билдирди. Бу ҳақда Хитой давлат кенгашининг Тайвань ишлари бўйича девонхонаси вакили Ань Фэншань маълум қилди. 

Унинг таъкидлашича, Пекин келгусида ҳам "ягона Хитой" тамойилига амал қилади.

"Биз Тайваннинг исталган шаклдаги мустақиллигига қарши миллий бирлашиш жараёнини илгари суриш орқали кураша олишимизга ишонамиз ва қодирмиз", деб айтган Фэншань.

Фэншаннинг айтишича, Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Трампнинг Тайвань раҳбари суҳбатини Тайваннинг "кичкина найранги" деб атаган.

Аввалроқ Тайвань Хитойни Трамп ва Инвэнь суҳбатига "осойишта" муносабат билдиришга чақирганди.

Трамп ва Инвэнь ўртасидаги суҳбат 3 декабрда бўлиб ўтди ва 1979 йилда АҚШ ва Тайвань ўртасидаги дипломатик муносабатлар узилганидан кейинги биринчи мулоқот бўлди.

Бундан ташқари, Пекин барча томонларни Хитойнинг ягоналиги тамойилини қўллаб-қувватлашга ва Хитой-АҚШ алоқаларига путур етмаслиги учун Тайвань масаласига эҳтиёткорлик билан муносабат билдиришга чақирди.