Эрон ядровий дастури иштирокчиларидан бирига эришилган келишувларни барбод қилишга ижозат бермаслик керак. Бу ҳақда Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Теҳронда Россия президентининг Суриядаги вазиятни тартибга солиш бўйича махсус вакили Александр Лаврентьев билан учрашувда айтиб ўтди.

"Бу келишув 7 та давлатнинг (Эрон, БМТ Хавфсизлик кенгашига доимий аъзо давлатлар ва Германия) иши натижаси бўлган. Бирор давлатга ўз истакларидан келиб чиқиб, ўз ҳаракатлари билан келишувни барбод қилишига ижозат бермаслик керак. Уларни сақлаб қолиш учун умумий саъй-ҳаракатлар лозим. Эрон ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бажаришга содиқ бўлиб қолади. Ядровий келишувнинг мустаҳкамлиги учун бошқа иштирокчилар ҳам ўз мажбуриятларига тўлиқ равишда ҳаракат қилишлари керак", деб айтди Руҳоний.  

Руҳоний бу баёнотни АҚШ конгресси сенати Эронга қарши санкцияларни 10 йилга узайтириш ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллаганидан кейин берган. Эронда бу ҳолат Теҳронга нисбатан санкцион режимни бекор қилишни кўзда тутувчи ядровий келишув шартларининг яққол бузилиши деб баҳоланди.