Асли хоразмлик бўлган Зуҳра (исм-шарифлар ўзгартирилган) анчадан бери Қўйлиқ бозорида савдо қилса-да, ҳеч бири икки бўлмасди, деб ёзади “Постда” нашри.

Эрталабдан кечгача топгани ижара пули-ю рўзғорига амал-тақал етарди. Ёнида полиз маҳсулотлари сотувчи Дилбарга ҳаваси келарди. Улар турмуш ўртоғи билан савдо қилар, уй олиш учун пул тўплашарди. Одатдаги кунлардан бирида Дилбар йиққан пуллари 30 минг АҚШ доллари бўлганлигини, ўзларига муносиб уй қидиришаётганлигини оғзидан гуллаб қўйди-ю, Зуҳранинг пайтавасига қурт тушди. 

Зуҳра бахтидан ҳам тинмаганди. Бир неча йиллар илгари эридан ажрашган, ҳозирда ишининг тайини йўқ Қувват исмли йигит билан ижара уйда бирга истиқомат қиларди. Кечқурун бозордан қайтгандан кейин у Қувватга Дилбарнинг 30 минг доллари борлиги ҳақида гап очди.

Улар аёлнинг пулларини қандай қилиб қўлга киритиш тўғрисида келишиб олдилар. Эртаси кун Қувват иш билан Яшнобод тумани бандликка кўмаклашиш марказига йўл олади. Кўр кўрни қоронғида топади, деганларидай, шу ерда ёлланма иш билан шуғулланувчи Баҳодир исмли йигит билан танишиб қолди. Унга 30 минг доллар ҳақида гапириб, уни ҳам ўз жиноий ишларига шерик қилади.

Орадан 2-3 кун ўтгач, улар биргаликда Дилбарнинг яшаш манзили томон йўл олишди. Уй ёнида жойлашган ўриндиқда ўтириб, аёлнинг 8 ёшли ўғлининг мактабдан қайтишини кутишди. Аммо ови бароридан келмаган шоввозларнинг тарвузи қўлтиғидан тушиб, ортга қайтишди.

Эртаси куни улар яна кўзланган манзилда Дилбарнинг ўғлини кута бошлашди. Тахминан бир соатлардан кейин мактабдан уйга қайтаётган Элбекка кўзлари тушди. Шунда Қувват ҳовлиққанча, боладан илгари уйга югуриб кириб кетди. Ҳеч нарсадан хабари йўқ Элбек учинчи қаватда жойлашган уй эшигини очаётганида, тепа қаватдан тушиб келган Қувват ундан “Чанқадим, сув ичсам бўладими?” деди. Бола уйга кириб эшикни ёпмоқчи бўлганида эса зўрлик қилиб ичкарига кирди. Унинг ортидан Баҳодир ҳам етиб келди-ю, болани маҳкам ушлади. Қувват эса уйни тинтишга тушди. Уларнинг хатти-ҳаракатидан қўрқиб кетган Элбек бор овозда бақириб йиғлай бошлади. Баҳодир унинг овозини ўчириш учун бир неча жойига мушт туширди. Сумка ичидан пул топишгач эса уйдан отилиб чиқишди.

Жиноятчилар таксида Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманига йўл олишди. Манзилларига етиб боришгач, сумкадаги пулларни санаб кўришди – улар кутганидек 30 минг АҚШ доллари эмас, балки 23 миллион сўм ва 3 минг 500 АҚШ доллари борлиги аниқ бўлди. Ушбу пулдан 7 миллион 500 минг сўм ва 1 минг 500 АҚШ доллари Баҳодирга тегди. Қолгани Зуҳра билан Қувватга бериладиган бўлди. 

Эртаси куни Қувват Зуҳранинг улушини бериб юбориш учун Оҳангарон туманидаги автошоҳбекатга йўл олди. Пул солинган қутини “почта” сифатида Тошкентга қатнайдиган таксичидан бериб юборди. Таксичи Қўйлиқ бозорига етиб келиб, Зуҳрага қўнғироқ қилди. Ҳовлиққанча етиб келган Зуҳра пулнинг чўғи камлигини кўриб, ҳафсаласи пир бўлди. Қўнғироқ қилиб Қувват билан гаплашди. Аммо Қувватнинг гапларига ишонмай, таксичига: “Кимдан олган бўлсангиз, ўшанга қайтариб олиб боринг”, деб “почта”ни қабул қилмади.

Мўмайгина пулни қўлга киритишни режалаштирган Зуҳра аламидан нима қилишни билмай, Қувватдан ўч олиш мақсадида ички ишлар органи ходимларига бўлиб ўтган воқеани сўзлаб берди. Жиноятчилар зудлик билан қўлга олинди. Энди улар жиноий қилмишлари учун суд олдида жавоб берадилар. Зуҳра ҳам жиноят ташкилотчиси сифатида жазодан бенасиб қолмайдиган бўлди.