Бугун, 2016 йил 4 декабрь Тошкент вақти билан соат 06:00 да Ўзбекистон Президенти сайловини ўтказувчи 14 сайлов округидаги 9 минг 383 сайлов участкаси очилди.

Сайлов участкаларида Ўзбекистон Давлат мадҳияси янгради.

Ўзбекистон Президенти сайловида тўрт номзод – Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Сарвар Отамуратов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Хатамжон Кетмонов, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Наримон Умаров иштирок этмоқда.

Сайловда 21,4 миллиондан ортиқ фуқаролар иштирок этиш ҳуқуқига эга. Олий таълим муассасалари талабаларига сайловда қатнашиш имконига эга бўлиши учун 1-5 декабрь кунларида таътил берилган. Бу таътил орқали талабалар ўзлари истиқомат қиладиган вилоятларда овоз бериши таъминланди.

Тошкент шаҳри маъмурияти сайлов куни жамоат транспортини аҳоли учун бепул қилди. Автобуслар ва метрополитен сайлов участкалари очилишига бир соат қолганида, Тошкент вақти билан соат 05.00да иш бошлади.

Дастлабки натижалар душанба куни тонгидаёқ маълум бўлиши мумкин.

Кун.uz мухбирларининг воқеа жойидан маълум қилишича, Тошкент шаҳридаги  одамлар сайлов участкаларида тўплана бошлаган. Бугун Тошкентда ҳарорат илиқ (+12 даража атрофида). Ҳали кўчаларда ғира-шира бўлсада, кўчаларда автомобиллар гавжумлашган.

Адолатлилик, очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик принциплари асосида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига сўзсиз риоя этиш, сайловчиларга сайловда эркин иштирок этиш учун зарур шарт-шароитлар яратилган.

Жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг овоз беришда иштирок этиши учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида ҳар бир сайлов участкаси ногиронлар аравачалари учун алоҳида пандус билан жиҳозланди.

Бундан ташқари, кабиналарнинг бири ногиронларнинг овоз бериши учун мўлжалланган. Кўзи ожиз фуқароларга брайл алифбосида сайлов мавзуси бўйича рисолалар ҳамда илк марта улар учун мўлжалланган сайлов бюллетенлари тайёрланган.

– Мен ўзимнинг конституциявий ҳуқуқимдан фойдаланиб, юрт келажаги учун жон куйдирадиган, ёшларга ғамхўрлик кўрсатадиган номзодга овоз бердим, – дейди Камола Норматова. – Сайловга тайёргарлик жараёнида ўтказилган семинар ва учрашувларда ҳуқуқий билимимизни оширдик. Президентликка кўрсатилган номзодларнинг таржимаи ҳоли, сайловолди дастури билан танишиб, уларнинг энг муносибини танлаш имконига эга бўлдик.

Ўзбекистон Президенти сайловини 44 давлат ва беш халқаро ташкилот – ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти вакиллари кузатмоқда.

Шунингдек, сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари кузатувчи сифатида қатнашмоқда. Сайлов жараёнини маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 1 минг 400 дан ортиқ вакили ёритиб бормоқда.