АҚШнинг DARPA ҳарбий агентлиги ва Northrop Grumman компанияси биргаликда 2018 йилда вертикал парвоз қила оладиган янги ҳарбий дронни тақдим қилишларини эълон қилдилар. Айни вақтда муҳандислар лойиҳага якуний тузатишларни киритмоқдалар, шундан кейин дроннинг дала синовлари учун яроқли версияси яратилади. «Tern» деб ном олган дрон бугунги кунда мавжуд ҳарбий моделлардан махсус учиш полосасига эга бўлмаган кичик ҳарбий кемалардан уча олиши билан фарқланади.

Tern дум қисмига қўйилган ҳолда, вертикал ҳолда учади. Иккита паррак дронни ҳавога кўтаради, сўнгра дрон горизонтал ҳолатни эгаллаб, шу тариқа парвозни давом эттиради. Дрон қўниш вақтида яна парраклари билан тепага қараб бурилади, жойида муаллақ туриб кема палубасига қўнади. Дрон 1100 км лик масофаларни учиб ўта олади, у бунда 454 кг гача юкни таший олади.

Tern америкалик ҳарбийларнинг талабларига тўлиқ мос келиши учун икки маротаба қайта ишланди. Дрон двигатели General Electric томонидан тайёрланган. Дрон яратувчилари унинг дастурий таъминотига алоҳида эътибор қаратишган. Бу дастурга дроннинг манёврлиги ва бешикаст учиш-қўниши боғлиқ. Ишлаб чиқарувчи 2018 йилда дроннинг 2 та синов намунасини яратмоқчи. Бу дронлар америкалик ҳарбийлар томонидан фаол тарзда синовдан ўтказилади.