Гана ҳукумати томонидан пойтахт Аккра шаҳрида ноқонуний ва ҳақиқий бўлмаган визалар берган сохта АҚШ элчихонаси аниқланди.

"Уни Қўшма Штатлар ҳукумати эмас, балки Гана ва Туркия жиноят оламидаги шахслар, шунингдек, иммиграция ва жиноят ҳуқуқи билан шуғулланган адвокат бошқарган", - дейилади АҚШ Давлат департаменти маълумотида.

Сохта ташкилот икки қаватли бинода жойлашган бўлиб, унинг ёнида АҚШ байроғини осиб қўйишган. Бино деворларида эса президент Барак Обаманинг суратини кўриш мумкин. Жиноий гуруҳ қўл остидаги мазкур “муассаса” 10 йил давомида, ҳафтасига уч кундан фаолият юритиб келган.

Консул ва ходимлар ролини инглиз ва данча тилларни пухта эгаллаган икки нафар турк ижро этган. “Элчихона”да сохта ҳужжатлар тайёрлашган ва фирибгарлик йўли билан 6 минг доллар эвазига АҚШга виза беришган.

Ўтказилган тинтувлар якунида сохта ҳинд, жанубий африкача ва шенген визалари ҳамда 10та давлатга тааллуқли бўлган 150та паспорт топилган.